Парвоз АҚШнинг Нью-Мехико штатидан амалга оширилди. У маҳаллий вақт билан эрталаб соат 08:30 да бошланиб, бир соат давом этди. Парвоз Virgin Galactik компанияси томонидан жонли трансляция қилинди ва унда миллиардер Ернинг жуда гўзаллиги ҳақида гапириб, ҳамкасбларига космик аппаратни қурганлари учун миннатдорчилик билдиришга ҳам улгурди.

Брэнсон Ерга қайтгач, журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, коинотдан сайёрани томоша қилиш жуда ажойиб ҳиссиётлар тақдим этишини айтди. У қувончи ичига сиғмай, Unity'нинг илк тижорий парвози учун иккита ўринни ўзига хос викторина тарзида ғолибларга бепул тақдим этишини маълум қилди. Брэнсонга 5 нафар фазогирлар ҳамроҳлик қилишди. Virgin Galactic компанияси аллақачон сайёҳларни космосга олиб учиш бўйича ҳаракатни бошлаб юборган ва илк тижорий парвоз кейинги йилдан амалга оширилади. Компаниянинг самолёт-ракетаси сайёҳларни олиб учишидан аввал миллиардер шахсан ўзи унда парвоз қилишга қарор қилди.

Фото: VIRGIN GALACTIC

Брэнсон 2004 йилда Virgin Galactic компаниясига асос солган ва ўшандаёқ космосга учиш ниятини айтган эди. Ўшанда миллиардер кўпи билан 2007 йилда сайёҳларни коинотга олиб учишини маълум қилганди, бироқ жараён 2021 йилда ҳам тўлиқ ташкиллаштирилгани йўқ. Бу йўл Брэнсон учун жуда қийин кечди, бироқ миллиардер ҳаракатдан тўхтамади. 2014 йилда унинг ракетаплани ҳалокатга учраган, оқибатда учувчи ҳалок бўлганди.

«Мен коинотга учишни болалигимдан орзу қиламан. Умид қиламанки, яқин 100 йил ичида бундай имкониятни юз минглаб одамларга тақдим эта оламан. Нега одамлар коинотга учмаслиги керак? Менинг истагим шуки, улар ажойиб сайёрамизга юқоридан қараб, Ерга қайтгач, уни асраш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишсин», деган эди ВВС билан суҳбатда Брэнсон.

Брэнсоннинг компаниясида ясалган ўзига хос ракета самолёт шаклида. Самолёт ташувчи қисм ракетани 15 км тепагача кўтаради. Кейин худди оддий ракета каби ажралиб чиқиб, ўз двигатели орқали овоз тезлигидан ҳам уч баравар каттароқ тезликка кўтарилиб, Ер атмосфераси ва коинот чегарасигача учиб боради. Ер атмосфераси ва коинотнинг чегараси 100 км тепада жойлашган. Шу сабаб максимал парвоз баландлиги 90 кмни ташкил этиши айтилади. Ундан тепада Ер тортиш кучи ишламайди.

VSS Unity «Америка» космодроми ангарида. 2021 йил 10 июль