Ўзбекистон | 15:41 / 13.07.2021
5823
2 дақиқада ўқилади

“Экилган дарахт кўчатларидан қанчаси қуриб қолганини билмаймиз” — Экология қўмитаси

Тошкентда экилган дарахтларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи 30-40 фоиздан ҳам пасайиб кетгани ҳақидаги маълумот тахминий ҳисоб-китоб бўлган. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов маълум қилди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов шаҳарда экилган дарахтларнинг яшаб қолиш кўрсаткичи 30-40 фоиздан ҳам пасайиб кетгани ҳақида Kun.uz'га маълум қилган эди.

“2021 йилда пойтахтда 110 минг дарахт экилиши режалаштирилган бўлса, шундан ҳозирга қадар 75 мингтаси экиб бўлинган. Аммо дарахтларни экишда жой танлашда бирмунча хатоларимиз бор. Экилган дарахтлар кўкариши учун суғориш тизимларининг йўқлиги сабаб уларнинг 30-40 фоиздан ҳам кам қисми яшаб кета олади”, – деган эди Фарҳод Деҳқонов.

Бироқ, Экоқўм бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов 8 июл кунги матбуот анжуманида бу маълумот тахминий ҳисоб-китобларга асосан берилганини билдирди.

“Экилган қанча дарахт кўчатлари қуриб қолгани ҳақида аниқ маълумотларимиз йўқ. 30-40 фоиз дарахт кўчатлари яшаб кетиши айтилган жавоб тахминий ҳисоб-китобларга кўра айтилган. Бу бўйича йил якунига қадар таҳлиллар олиб борилиб, ҳисоботлар ишлаб чиқилади.

Айни пайтда буни тартибга солиш механизми устида ишлаяпмиз. Унга кўра, дарахт кўчатларини экиш учун мос жой, уларни суғориш учун тизимнинг мавжудлиги ўрганилади. Ҳар бир вилоятда 50 гектар ер дарахт экиш учун ажратилади. 2021 йил якунида биз уларнинг қанчаси кўкаргани ва қанчаси қуригани ҳақида маълумот берамиз”, – деди Азиз Калимбетов.

Мавзуга оид