Ўзбекистон | 20:11 / 13.07.2021
17372
2 дақиқада ўқилади

Наманган ИИБ аҳолини қатор туманлардаги дам олиш масканларига вақтинча бормасликка чақирди

Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси аҳолини вилоятнинг айрим туманларидаги дам олиш масканларига вақтинча бормай туришга чақирди. Бу туманлар қаторида кучли дўл ёғган ва сел ёпирилган Косонсойдан ташқари Янгиқўрғон, Чуст ва Поп туманлари ҳам келтириб ўтилган.

Фото: Наманган вилоят ИИБ матбуот хизмати

«Ҳурматли ҳамюртлар! Косонсой туманида юзага келган кучли ёғингарчилик натижасида туманнинг тоғли ҳудудига сел келгани ва бунинг оқибатида бир неча фуқаролар жабр кўрганини маълум қиламиз. Шу боисдан Наманган вилояти ИИБ барча фуқаролар ва ҳаракат иштирокчиларига зарур иш бўлмаган тақдирда Косонсой, Янгиқўрғон, Чуст ва Поп туманларидаги дам олиш масканларига вақтинча бормасликни тавсия этади. 

Табиий ҳодисаларга бефарқ қарамай, ўзингиз ва яқинларингиз саломатлиги учун уйда қолинг!» дейилади Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати огоҳлантиришида.

Бугун, 13 июль куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти ҳудудида кучли ёмғир ёғиши натижасида сел оқимлари ҳосил бўлган. Ушбу сел оқимлари соат 13:35 атрофида Наманган вилоятининг Косонсой тумани, «Обод» МФЙ ҳудудидан ўтувчи Косонсой сойидан оқиб келган.

Ҳодиса оқибатида 8 киши ҳалок бўлган ва 6 нафар фуқаро жароҳат олган.

Ҳозирда ҳудудда ФВВ қутқарувчилари томонидан қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид