Жаҳон | 17:09 / 14.07.2021
4540
2 дақиқада ўқилади

Европада кучли ёмғирлар сув тошқинларига сабаб бўлди

Синоптикларнинг маълумотларига кўра, Ҳоф шаҳрида 12 соат ичида бир квадрат метр майдонга 80 литр ёмғир ёғган.

Ғарбий ва марказий Европада сув тошқинлари содир бўлди, деб хабар бермоқда АР.

Германиянинг Ҳоф шаҳрида сув уйларнинг биринчи қаватига тошиб кирган, кучли шамол дарахтларни ағдариб, электр симларини узиб юборган. Синоптикларнинг маълумотларига кўра, шаҳарда 12 соат ичида бир квадрат метр майдонга 80 литр ёмғир ёғган.

Ҳагенда бир нечта автомобил сув оқими остида қолган, автомобиллар ичидаги ҳайдовчилар ўт ўчирувчилар томонидан чиқариб олинган. 

Эрҳарт шаҳрида жала канализацияни тўлдириб юборганлиги сабабли аҳолидан идиш ва кир ювиш машиналарини ишлатмаслик ва чўмилмай туриш сўралган.

Нидерландиянинг Лимбург шаҳри аҳолисига дарё ва ирмоқлардан узоқроқда бўлиш тавсия қилинган. 

Швейцариядаги Люцерн кўлида сув сатҳи кескин кўтарилган. Le Matin нашри бошқа кўлларда ҳам сув сатҳи хавфли даражада кўтарилганини хабар қилмоқда. Маҳаллий ҳокимият ортиқча сувни шлюзлар орқали чиқариб юбормоқда, транспорт йўллари ёпилмоқда. Швейцарияда душанбадан бери ёмғир ёғмоқда.

Метеорологлар йирик дарёлардаги тошқинлар ҳафта охиригача давом этишини тахмин қилмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид