Ўзбекистон | 19:28 / 16.07.2021
30520
6 дақиқада ўқилади

Давлат амалдорларининг хизмат машиналари кимнинг пулига “тонировка” қилинади?

Ўзбекистонда иссиқ ҳарорат рекордлари пайдар-пай янгиланган кунларда ҳам ҳукумат автомобил ойнасини қорайтириш тўловларини сақлаб қолди. Шундай кунларнинг бирида ижтимоий тармоқларда бир мавзу кўтарилди: давлат мансабдорлари хизмат машиналарини ўз ёнидан “тонировка” қилдирадими ёки солиқ тўловчилар ҳисобидан?

Aвтомашина ойналарини қорайтириш – ижтимоий тармоқлардаги доимий муҳокама мавзуси. “Тонировка” бепул давлатларга ҳавас қиладиган ўзбекистонликлар ўз юртида ҳатто соя учун ҳам пул тўлашларидан ёзғиради.

Ўтган ҳафталарда, Ўзбекистонда рекорд даражада иссиқ ҳарорат ҳукм сурган кунларда тармоқларда яна шу мавзу кўтарилди.

Муҳокамалар давомида бир қанча фуқаролар давлат амалдорлари кондиционерли ва албатта “тонировка”ли машинада юришлари, шу сабаб аксарият аҳолини қийнаётган муаммони ўз танасида ҳис этмаслиги ҳақида ёзиб қолдирди.

Шу ўринда бир савол юзага келади: хўш, солиқ тўловчилар пулидан маош оладиган амалдорлар солиқ тўловчилар пулидан сотиб олинадиган хизмат машиналарининг ойналарини қайси пуллар ҳисобидан қорайтиради? Давлат бюджетиданми, ўз чўнтагиданми ёки улар учун бу текинми?

Биринчи савол

Автомобиллар ойнасининг тусини ўзгартириш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги қарори билан тартибга солинган. Ҳужжатнинг 5-бандида шундай дейилади:

“Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда хизмат енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш ва ўзгартириш бепул амалга ошириладиган давлат органлари рўйхатини тасдиқласин”.

Қарорга мувофиқ, шундай давлат органлари борки, уларнинг хизмат автомашинаси учун “тонировка” текин. Лекин у идоралар қайсилар, БП ва ДХХ тасдиқлаган рўйхат қаерда?

Kun.uz манбасига кўра, бу ҳужжат жамоатчиликка очиқ эмас. Lex.uz сайтидан ҳам бу мазмундаги ҳужжатни топиб бўлмайди.

Бироқ манба бепул “тонировка” тартиби Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг енгил хизмат автомашиналари учун амал қилишини маълум қилди.

Бу идоралар – Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия кабилардир.

Нега айнан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга бундай имконият берилган, нега жамоатчиликка бу ҳужжат очиқ эмас? Kun.uz бу саволлар билан Бош прокуратурага мурожаат қилди, идора матбуот хизмати тез орада жавоб берилишини маълум қилган.

Иккинчи савол

Ҳуқуқ органларидан ташқари фуқаролик ташкилотлари: қолган вазирлик ва идоралар, агентликлар, қўмиталар ва ҳокимликлар – бир сўз билан айтганда, хизмат автомашинаси бириктириладиган амалдорлар учун “тонировка”га рухсат олиш ва автомашина ойналарини қорайтириш пулли тарзда амалга оширилади.

Лекин қайси маблағлардан? Бу эса мавзунинг иккинчи долзарб ва жавоби топилмаган саволидир.

Учта вазирлик изоҳи

Kun.uz хизмат машиналари учун “тонировка” масаласида Aдлия вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик матбуот хизматига кўра, тизимдаги амалдорларнинг хизмат машинаси ойналарини қорайтириш учун бюджетдан маблағ ажратилмайди.

“Тонировкага бюджетдан маблағ ажратилмайди, биз бошқа давлат ташкилотларида қандай, билмаймиз. Лекин Адлия вазирлиги тизимида шундай”, – деди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева.

Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот хизматлари ҳам юқоридаги каби изоҳ берди.

“Молия вазирлигида ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлик тизимидаги раҳбар ходимларга бириктирилган автотранспорт воситалари ойналарини қорайтириш (“тонировка” қилиш) учун давлат бюджети ёки вазирликнинг бюджетдан ташқари жамғармаларидан маблағ ажратилмаган.

Шу билан бирга, вазирликнинг харажатлари юзасидан барча маълумотлар “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун бандларига асосан вазирлик расмий веб-сайтида жойлаштириб борилади”, – дея маълум қилди ҳукуматнинг иқтисодий блоки матбуот хизмати.

Матбуот хизмати вакилига кўра, бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг хизмат машинаси “тонировка” қилинмаган.

Kun.uz боғланган бир қатор ташкилотлар раҳбар ва унинг ўринбосарларига бириктириладиган автомашиналар ойнасини қорайтириш харажатлари қайси манбалардан қопланиши бўйича саволларга жавоб бермади.

Расмий тартиб йўқ

2021 йил 29 апрелда “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳукумат қарори чиққанди.

Ҳужжатда “тонировка”га оид ҳеч қандай тартиб назарда тутилмаган. Хизмат автомашиналарини сотиб олиш учун эса давлат бюджетидан маблағ ажратилади. “Тонировка” учун қаердан?

Амалдорларнинг машинаси ойналари ташкилотларнинг баҳсли тарзда “бюджетдан ташқари” дея юритувчи маблағлари ҳисобидан қорайтирилади, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Буни Kun.uz манбаси тасдиқлади, бироқ бир қанча бюджет ташкилотлари рад этди.

Шуниси маълумки, Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг хизмат машинасини “тонировка” қилишга оид тартиб расман ишлаб чиқилмаган.

1 июлдан бошлаб бюджетдан ташқари “чўнтаклар” очилиши керак

Ўтган ойдаги президент фармони билан, oчиқ эълон қилиниши шарт бўлган маълумотлар рўйхати тасдиқланди.

Фармонга асосан, 1 июлдан бошлаб, давлат органлари ва ташкилотлари нафақат автомобил сотиб олиш чиқимларини, балки уларни сақлаш харажатларини ҳам очиқлаши керак.

Бундан ташқари, шу санадан бошлаб бюджетдан ташқари жамғармаларнинг тушумлари ва харажатлари ҳам эълон қилиниши зарур.

“Нафақат давлат бошқарув идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, суд, прокуратура бўлимларининг ҳам бюджетдан ташқари харажатлари 1 июлдан очиқланиши лозим”, деганди Kun.uz билан суҳбатда фармон юзасидан шарҳ берган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид