Жаҳон | 22:06 / 16.07.2021
30606
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонга ядро қуролини сақлаб қолиши учун 20 миллиард доллар ваъда қилинганди — Назарбоев

Фото: РИА Новости

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев собиқ иттифоқ парчалангандан кейин Қозоғистонга ўзида қолган ядро қуролини сақлаб қолиши ва шу тариқа ядро қуролига эга биринчи ислом давлати бўлиши учун 20 млрд доллар ваъда қилингани ҳақида сўзлаб берди. Элбошининг таъкидлашича, унга бундай ваъдани Фаластиннинг собиқ етакчиси Ёсир Арофат Ливиянинг собиқ етакчиси Муммар Каззофий номидан берган.

“Биз собиқ иттифоқ парчалангандан кейин дунёда ядро қуролига эга 4-йирик давлатга айландик. Шундан кейин менинг ёнимга Маргарет Тэтчер (Британиянинг 1979-1990 йиллардаги бош вазири), Жеймс Бейкер (АҚШнинг 1989-1992 йиллардаги давлат котиби) кела бошлади. Улар келиб, мендан ракеталарни нима қилишимиз ҳақида сўрай бошлашган”, деб эслаб ўтган ўша воқеаларни Назарбоев америкалик режиссёр Оливер Стоуннинг “Қозоқ: олтин одам тарихи” фильми учун берган интервьюсида.

Назарбоевнинг таъкидлашича, ўшанда Қозоғистоннинг амалдаги президенти, 1994-1999 йилларда республика ташқи ишлар вазири бўлган Қосим-Жўмарт Тўқаев бир қатор ислом давлатларидан Назарбоев номига мактуб олган. Мактубда Қозоғистон ядро қуролига эга ягона ислом давлатига айлангани айтилган ва ундан бу қуролни сақлаб қолиш сўралган.

Шундан кейин Қозоғистонга Фаластин раҳбари Ёсир Арофат ташриф буюрган.

“У менга дўстларимиз номидан келганини айтган. Уни Муаммар Каззофий ядро қуроли билан боғлиқ вазиятни билиш учун жўнатган. Албатта, бу ракеталарни сотиш хаёлимга ҳам келмаган. Мен ракеталарни сақлаб туриш қимматга тушишини, Қозоғистон бундай харажатларни кўтара олмаслигини айтганман. Шунда Арофат мендан “Қанча пул керак?” деб сўраган. Мен ўшанда доллардаги пуллар қанчалик катта-кичиклигини билмасдим. Шунда ҳазиллашиб, шунчаки “осмондан олиб”, 20 млрд доллар деб айтганман. Шунчаки, нимадир дейиш учун. Мен буни ҳазил деб ҳисоблагандим”, деб эслаган Қозоғистоннинг биринчи президенти Арофат билан суҳбатини.

Бироқ Фаластин етакчиси Назарбоевнинг сўзларини жиддий қабул қилган ва унинг сўзларини Каззофийга етказишини ва унда бу пуллар бўлишини айтган.

Назарбоев интервьюда Стоуннинг “Бу пуллар олинганми?” деган саволига “Йўқ, мен бу пулларни олишни режалаштирмаганман”, деб жавоб қилган.  

Америкалик режиссёр Оливер Стоуннинг Қозоғистон ва унинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ҳақидаги ҳужжатли фильмининг 2 соатлик қисқа версияси 15 июлда Москвада матбуот учун намойиш қилинди. Фильм, шунингдек, 8 сериялик тўлиқ версияда чиқарилади. Унинг расмий тақдимоти кузда Рим кинофестивалида бўлиб ўтади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид