Жаҳон | 22:44 / 20.07.2021
7789
2 дақиқада ўқилади

Ташкилий қўмита раҳбари Токио Олимпиадаси бекор қилиниши мумкинлигини истисно этмади

Охирги 24 соат ичида миллий жамоалар орасида коронавирус юқтириш билан боғлиқ яна 10та ҳолат аниқланган, жами аниқланган ҳолатлар сони 68тага етган.

Фото: Getty Images

Токио Олимпиадаси ташкилий қўмитаси раҳбари Тосиро Муто ўйинлар бекор қилиниши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан вазият касаллик юқтирганлар сонидан келиб чиқиб ташкилотчилар билан муҳокама қилинишини айтди. Бу ҳақда Skysports хабар бермоқда.

«Коронавирус ҳолатлари сони нечта бўлишини олдиндан айта олмаймиз. Шу боис ҳолатлар авж оладиган бўлса, муҳокамаларни давом эттирамиз. Коронавирус билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, беш томонлама муҳокамалар ўтказишга келишиб олдик. Ҳолатлар сони ошиши ёки камайиши мумкин, шунинг учун вазиятга қараб нима қилишни ўйлаяпмиз», деди Муто.

Коронавирус билан боғлиқ вазият ташкилотчиларни қийин аҳволга солиб қўйган: охирги 24 соат ичида миллий жамоалар орасида коронавирус юқтириш билан боғлиқ яна 10та ҳолат аниқланган, жами аниқланган ҳолатлар сони 68тага етган.

Аввалроқ Олимпиаданинг расмий вакили Маса Такайа ўйинлар ўтказилишига билвосита алоқадор бўлган одамлардан олинган минглаб таҳлиллардан жами 61та касалланиш ҳолати тасдиқланганини, бу эса умумий ҳолатда жуда паст кўрсаткич эканини айтганди (Олимпиадада 20 минг атрофида спортчи қатнашади).

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид