Жамият | 17:33 / 21.07.2021
5120
1 дақиқада ўқилади

Фуқаролик масаласидаги муаммолари Kun.uz’да ёритилган қашқадарёлик аёл Ўзбекистон фуқаролигини олди

Қарши шаҳрида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида истиқомат қилиб келган Интизор Мамадалиева Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди. Бунгача у мантиқсиз тарзда суд томонидан депортацияга ҳукм қилинган, кейинчалик ушбу мантиқсизликка чек қўйилган эди.

2021 йил 14 июн куни “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига ўзгартиш киритилиб, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда доимий яшаб келган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, уни Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш тартиби жорий этилиши натижасида 1992 йилдан бери Ўзбекистонда яшаб келаётган Интизор Мамадалиевага Ўзбекистон фуқаролиги берилди.

Интизор Мамадалиева Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида тан олиниб, 14 июл куни унинг номига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ID-картаси расмийлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Kun.uz’да эълон қилинган мақолада Интизор Мамадалиева суд ҳукми билан фуқаролик паспортини ноқонуний тарзда қўлга киритган, деб топилиб, мантиқсиз тарзда Ўзбекистондан Қирғизистонга депортация қилиш белгилангани танқид қилинган эди. Шундан сўнг, ҳукм қайта кўриб чиқилиб, унинг депортацияга оид қисми бекор қилинган

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид