Жаҳон | 18:34 / 12.09.2025
3410
2 дақиқада ўқилади

Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга фуқаролик беришни тўхтатиш таклиф этилди

Давлат Думаси депутати Сергей Миронов 2030 йилгача марказий осиёлик мигрантларга фуқаролик ва яшаш учун рухсатнома беришга мораторий жорий этишга чақирди.

Фото: news.ru

«Справедливая Россия» партияси раиси Сергей Миронов 2030 йилгача Марказий Осиёдан келган мигрантларга фуқаролик ва яшаш учун рухсатнома беришга мораторий жорий этишга чақирди.

«Россияга заиф назорат қилинадиган мигрантлар оқими фақат ўсиб бормоқда. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил дастлабки олти ойида хорижликларга 114 мингга яқин меҳнат рухсатномаси берилган, бу 2024 йил биринчи ярмига нисбатан бир ярим баравар кўпдир. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Россияда 6,5 миллиондан ортиқ мигрант бор ва уларнинг камроқ қисми ишлайди. Қолганлар - ҳеч нарса қилмайдиган, лекин бизнинг ижтимоий инфратузилмамиз, жумладан, шифохоналар ва мактаблардан фойдаланадиган оила аъзолари», деди Миронов.

Депутатнинг фикрича, бундай ҳолат Россия миллий хавфсизлиги ва фуқаролари фаровонлигига тўғридан-тўғри таҳдид солади.

«Справедливая Россия» аллақачон Давлат Думасига мамлакатда миграцияни тартибга солишга ёрдам берадиган бир қатор қонун лойиҳаларини киритган. Аммо бу қарорлар ҳали қабул қилинмаган экан, мен 2030 йилгача Ўрта Осиёдан келган мигрантларга фуқаролик ва яшаш учун рухсатнома беришга мораторий жорий этишга чақираман. Фақат шу йўл билан биз вазиятни барқарорлаштиришимиз ва бугунги кунда мамлакатга чет эл фуқароларининг оммавий келиши туфайли юзага келаётган барча муаммоларни ҳал қилишимиз мумкин», деди Миронов.

Аввалроқ сиёсатчи бир неча бор шунга ўхшаш ташаббуслар билан чиққан. 2022 йилда у Тожикистон фуқароларига фуқаролик беришни тақиқлашни таклиф қилган, бироқ қўллаб-қувватланмаган. 2024 йилда Миронов яна Ўрта Осиё аҳолиси учун вақтинчалик мораторий жорий этишни талаб қилди, бироқ унинг таклифи ҳам рад этилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид