Спорт | 11:12 / 21.07.2021
6956
1 дақиқада ўқилади

Токио Олимпиадасининг илк мусобақалари бошланди

2020 йилги Токио Олимпиадасида илк мусобақаларга старт берилди.       

1996 йилдан бери биринчи марта Олимпиада дастурини футбол эмас, софтбол очиб берди. Фукусимадаги стадионда Австралия ва Япония аёллар терма жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув япон спортчилари фойдасига 8:1 ҳисобида якунланди.

Таъкидланишича, Ўйинлар бошланиши жойи сифатида Фукусима бежиз танланмаган. Бу 2011 йилда Фукусимада юз берган техноген фалокатдан кейин ҳудуднинг тикланганини ифодалайди.

Олимпиаданинг очилиши 23 июлда бўлиб ўтади.

Софтбол бейсболнинг турларидан бири бўлиб, унда юмшоқроқ тўп ва узунроқ бита билан ўйналади. Ушбу спорт тури Олимпиада дастурига ҳар доим ҳам киритилмайди. У 1996–2008 йиллардаги Олимпиадалар дастурига киритилган, бироқ 2024 йил Парижда ўтадиган Олимпиадада яна бўлмайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид