«Ҳокимликларда фуқароларнинг кунлик қабули йўлга қўйилиши шарт» – Шавкат Мирзиёев
Энди Ўзбекистондаги вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларида фуқаролар қабули аввалги каби бир ойда бир эмас, ҳар куни ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
«Биринчи галда, одамларимизни мурожаат қилишга энг кўп мажбур қилаётган тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи сабабларни маҳалланинг ўзида бартараф этиш асосий вазифа бўлиши керак.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари бир ҳафтада икки кунни фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг мурожаатларини ҳал қилишга ажратади.
Кўпчилик вилоят ҳокимларининг қабул куни ҳар ойнинг тўртинчи шанбаси, яъни бир ойда бир марта қилиб белгиланган. Эртадан бошлаб, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида фуқароларнинг кунлик қабули йўлга қўйилиши шарт.
Шунингдек, аҳоли тўғридан тўғри тун-у кун мурожаат қилиши учун бир ҳафта муддатда ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг виртуал қабулхоналари ва ижтимоий тармоқларда алоҳида саҳифалари ташкил этилсин», деган президент.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 6 ойида Халқ қабулхоналарига бандлик ва тадбиркорлик масалалари бўйича келиб тушган 100 мингта мурожаатни тўлиқ ҳокимлик кучи билан ҳал қилиш имкони мавжуд.
«Мисол учун, Паст Дарғомда ташкил этилган Маҳаллабай ишлаш маркази 117та маҳаллада хатлов ўтказиб, 4 минг нафар ишсиз бўлган фуқароларни аниқлаган ва уларни касб ва тадбиркорликка ўқитиш, бизнес лойиҳаларини тайёрлаш, кредит ва субсидия олишга кўмаклашиш орқали 3,3 минг нафарини банд қилган. Натижада, бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш даражаси Паст Дарғомда 85 фоизни ташкил этмоқда.
Ёки, бу борада Андижонда ҳам ўзига хос янги тажриба яратилди. Жумладан, Андижон вилоятида икки ой ичида 169та маҳаллада 30 мингта хонадон аъзоларининг бандлиги таъминланди.
Бундай ташаббусларни ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими кўтариб чиқиши, бу орқали халқни рози қилиши керак», деган давлат раҳбари.
Вазирлик ва идоралар ўз йўналишида энг кўп келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиб, уларга аниқ ечимлар топиши шартлиги таъкидланди.
«Ҳар бир вазир бир ҳафта муддатда тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирларни белгилаши шарт.
Мисол учун, тиббиёт соҳасидаги мурожаатларнинг қарийб ярмини ташкил этаётган ордер тартибини бекор қилиб, очиқ ва шаффоф тизимни йўлга қўйсак, камида 10 мингта шикоят камаяди», дейди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:23 / 07.11.2024
Чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
17:05 / 06.11.2024