Спорт | 12:43 / 23.07.2021
16404
2 дақиқада ўқилади

Токио-2020. Очилиш маросими олдидан Ўзбекистон байроқдорлари ўзгарди 

Бугун, 23 июль куни Токио-2020 Олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтади. Тадбир олдидан Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари кутилмаганда ўзгаргани маълум бўлди.

Токиода бўлиб турган Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов «Ўзбекистон 24» телеканали мухбири билан суҳбатда байроқдорлар ўзгаргани ҳақида гапирган.

«Ўзбекистон байроқдорини тайинлашда авваламбор мусобақалар жадвалини ҳисобга олган ҳолда, қолаверса барча спортчи, делегация аъзоларининг фикрини инобатга олиб бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси Баҳодир Жалолов ва таэквондо бўйича жамоамиз аъзоси Нигора Турсунқуловага ишонч билдирилди», - дейди МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов. 

Аввалроқ, МОҚ матбуот хизмати Токио-2020 Олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари Оксана Чусовитина ва Бобо Усмон Батуров бўлиши ҳақида хабар берган эди.

Очилиш маросимида спортчилар чиқишини Олимпиада ватани Греция делегацияси бошлаб берса, Япония мезбон сифатида якунлайди. 

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон япон алифбосида тартиб рақами бўйича 25-ўриндан жой олгани сабабли, бу сафарги маросимда аввалгиларидан олдинроқ чиқади.

Маълумот учун, Тошкент вақти билан соат 16:00да бошланадиган очилиш маросими ахборот ҳамкоримиз «Спорт ТВ» орқали жонли эфирда намойиш этилади.

Мавзуга оид