15-16 июль кунлари Тошкентда «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Kun.uz Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқовга ушбу халқаро анжуманнинг аҳамияти, ундан кутилаётган натижалар борасида саволлар билан мурожаат қилди.

- Маълум сабабларга кўра ажралиб қолган Марказий ва Жанубий Осиё ҳамкорлигини жонлантириш бўйича халқаро анжуманлар аввал ҳам ўтказилганми? Тошкент конференциясининг улардан фарқлари нималарда бўлди?

- Бугун дунёда глобал геосиёсий трансформациялар даври ҳукм сурмоқда. Бу эса турли таҳдидлар билан бир қаторда улкан имкониятлар ҳам тақдим этмоқда. Бу жараёнларда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги фаол ҳамкорлик алоқаларининг қайта тикланиши объектив жараёнга айланмоқда.

Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда 15-16 июль кунлари ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги юқори даражадаги конференция минтақамиз ҳаётидаги ва халқаро кўламдаги муҳим воқеа бўлди.

Шакл ва мазмун моҳияти жиҳатидан биринчи марта ташкил этилган мазкур анжуманда Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Покистон бош вазири Имрон Хон, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ҳамда бошқа қатор мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, 44 давлат ва 30га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этгани ҳам форум аҳамияти нақадар долзарб эканини ифодалайди.

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратишни истардим. Саудия Арабистони, Кувайт, Бангладеш ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг Тошкент халқаро конференциясидаги иштироки ислом дунёси янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига катта қизиқиш билан муносабатда бўлаётгани, давлатимиз раҳбарининг халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлаётгани ифодасидир.

Маълумки, Марказий ва Жанубий Осиё тарихан бир бири билан ижтимоий-иқтисодий ва маданий-цивилизацион ўлчовлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган минтақалардир. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу икки улкан ҳудуд асрлар давомида халқлар ва цивилизациялар ўртасидаги фаол мулоқотга салмоқли ҳисса қўшган. Афсуски, ХIХ асрда тарихий воқеалар туфайли икки қўшни минтақанинг ўзаро алоқаларига путур етган.

Ўзбекистон президенти конференциянинг очилиш маросимида таъкидлаганидек, икки минтақа халқларининг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий мероси ҳамда иқтисодиётларимизнинг ўзаро бир-бирини тўлдириш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд интеллектуал салоҳиятни, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни ўзаро мувофиқлаштириш вақти келди.