Жамият | 13:44 / 25.07.2021
3476
3 дақиқада ўқилади

2 ёшли қизалоқ оёғидан ажралиб қолиши мумкин – у яхшилар кўмагига муҳтож

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Нурафшон маҳалласида яшайдиган 2 ёшли Робия соғлом туғилган бўлса-да, шифокорнинг биргина нотўғри укол қилиши оқибатида оёқ қисмида шиш пайдо бўла бошлаган.

Қизни 2021 йилнинг йилнинг феврал ойида Жиззах шаҳрида жойлашган онкология шифохонасига олиб боришади. Текширувлардан сўнг болани зудлик билан операция қилиш зарурлигини, йўқса, бир оёғини кесишдан ўзга чора қолмаслигини маълум қилишади. Ҳозирга қадар оиланинг топган пули қизалоқнинг даволаниши учун сарфланмоқда. Унинг даволаниши учун сахий ҳамюртларимизнинг моддий ва маънавий ёрдами керак бўлиб турибди.

«Иккаламиз ҳам болалар уйида катта бўлганмиз. Дастлаб ижарага хонадон олиб яшай бошлаганмиз. У ерда газ, электр энергияси деярли бўлмасди. 2018 йилда президентимиз томонидан бизга намунали уйлардан совға қилинди. Ўзим кунлик ишларда ишлайман. Сўнгги вақтларда ўзимни ҳам соғлигим ёмонлашгани туфайли рўзғорда ҳам қийналиб қолдик. Имконингиз бўлса, ёрдам беришларингизни сўрайман», – дейди Максим Жуков.

Нурафшон маҳалласида яшовчи Максим Жуков ва Соҳиба Жукова болалигидан ота-онасиз, меҳрибонлик уйида бирга ўсиб улғайган. 2018 йилда уларнинг иккинчи фарзанди – Робияхон дунёга келади. Туғруқхонада шифокор томонидан унинг товон қисмига қилинган биргина нотўғри укол таъсирида оёғининг тўпиқ қисмида шиш ва терининг қорайиши пайдо бўлган. Ота-онасининг айтишича, қизи Робияхон кўп вақт тик ҳолда тура олмайди. Озроқ юрганидан сўнг оёғидаги оғриқ кучаяди. Ҳатто тунлари йиғлаб чиқади.

«Хўжайиним билан 2013 йилда турмуш қурдик. Ҳозирда икки нафар фарзандим бор. Биринчи фарзандимиз туғилган вақтда ижарада яшаганмиз. Жуда кўп қийинчилик кунларни бошдан ўтказдик. Ҳаттоки қор ёки ёмғирда ҳам кўчаларда «баклашка» териб, бировларнинг юмушларини бажариб, ҳалол пул ишлаб топардик. Хўжайиним ишлагани зўрға тирикчилигимизга етади. Баъзан соғлиги кўтармайди. Ишлаган пули кўпроқ даволанишга кетади. Сизлардан, агар имкониятингиз бўлса, ёрдам беришларингизни сўрайман. Чунки бошқа имкониятим ҳам йўқ», – дейди Соҳиба Жукова.

Оила сахий инсонларнинг кўмагига жуда муҳтож. Робияхоннинг Самарқанд шаҳрида малакали операция қилиш харажатлари учун 10 миллион сўмга яқинроқ, тўлиқ даволаниб чиқиши, дори-дармонлари учун яна бироз маблағ зарур. Уларнинг бор умидлари яхши инсонларнинг ёрдамидан бўлиб қолмоқда.

Робия Жуковага оид маълумот:

Uzcard: 8600 0609 6216 8077 онаси Соҳиба Жукова номида.

Телефон: +94 2531889, +94 021 10 89

Шуҳрат Юнусов тайёрлади

Мавзуга оид