Иқтисодиёт | 16:59 / 28.07.2021
9714
3 дақиқада ўқилади

 “Айланма йўллар орқали маҳсулот олиб кириш ҳолатларини бор ҳам, йўқ ҳам дея олмаймиз” — Божхона қўмитаси

Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов 26 июл кунги матбуот анжуманида айланма йўллар орқали ноқонуний равишда маҳсулот олиб кирилиши эҳтимоли ҳақида тўхталди.

“Айланма йўллар ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш ишлари деярли якунланган. Фақатгина водий вилоятларида озгина участка очиқ қолган. Сабаби, у ерда қўшни мамлакат билан келишув жараёнлари кетмоқда. Фақат шу ерларда айланма йўллар қолган.

Тўғри, айланма йўллар орқали маҳсулотларни олиб кириш ҳолатлари йўқ, демаймиз. Бор ҳам дея олмаймиз. Сабаби, ушлаб аниқланганларини ОAВ орқали кузатишингиз мумкин, деярли ҳар куни аниқланяпти. Лекин ҳаммаси айланма йўллар орқали киряпти, дейишимиз ҳам қийин. Сабаби хавф ҳеч қачон йўқолмайди. Хавф минималлашиши ёки юқори бўлиши мумкин. Биз юқори хавфни тизим орқали бартараф қилишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин минимал ҳавф ҳам ўтиб кетиши мумкин.

Масалан, сиз йиллар давомида ҳалол тадбиркор бўлиб ишлаб келгансиз, лекин сизнинг ҳалол тадбиркор эканингиздан фойдаланиб, қайсидир ноҳалол тадбиркор сизнинг юкингиз орасига товар тиқиб олиб келиши мумкин.

Ҳозирда биз 70 фоиз товарни чиқиб умуман кўрмаяпмиз. Сабаби, тадбиркорга ишонч билдиряпмиз. “Сиз ҳалолсиз, сизни текширмаймиз”, деяпмиз. Лекин у ўзининг ҳалоллигидан фойдаланиб, бошқасига ноҳалол товар ташишга имконият яратиб бераётган бўлса, буни тизим ёрдамида аниқлаш қийин бўлади.

Тадбиркорларни ҳар доим огоҳлантириб ўтамиз. Aгарда ҳолат аниқланган тақдирда, тизим унга бир неча йилларга ноҳалол тадбиркор сифатида баҳо беради ва уни соддалаштирилган тартибга умуман яқинлаштирмайди. Ва унинг келган барча товарлари тўлиқ божхона тизимидан, экспертизадан ўтказилади”, – деди ДБҚ бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов.

Мавзуга оид