Жамият | 20:12 / 28.07.2021
10112
3 дақиқада ўқилади

Энди бошқа ҳудудлардан ҳам бола асраб олиш мумкин бўлади ва электрон навбат тизими йўлга қўйилади

Бундан буён бошқа ҳудудлардаги Меҳрибонлик ва Болалар уйлари тарбияланувчиларини ҳам тарбияга олишга рухсат берилади ва электрон навбат тизими йўлга қўйилади. Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида 64 нафар болага 518та оила навбатда турганига эътибор қаратиб, тизимда муаммо борлиги, шаффофлик йўқлигини таъкидлади.

Видеоселекторда васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болаларга 18 ёшга тўлгунига қадар маҳаллий бюджетдан 1,2 миллион сўм, ногиронлиги бўлганларга эса, республика бюджетидан 2,5 миллион сўмдан тўланиши маълум қилинди.

«Ишчи гуруҳи тузилади, васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар аҳволи, уларнинг оилавий шароитидан ҳафталик хабар оладиган тизим яратилади. Бунда, меҳрга муҳтож болаларни фарзандликка олиб, ўз жигарбанди сифатида тарбиялаётган оилаларнинг фаолиятига аралашмаслик керак.

Умуман, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари билан ишлашнинг янги тизимини васийликка олинган болалар билан ишлашга ҳам жорий этиш керак. Васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар 18 ёшга тўлгунига қадар маҳаллий бюджетдан 1,2 миллион сўм, ногиронлиги бўлганларга эса, республика бюджетидан 2,5 миллион сўм тўланади.

Ногиронлиги бўлган болаларни ўз қарамоғига олган оилаларга, уларнинг парвариш даврини меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилади. 1 сентябрдан бошлаб нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача, тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача узайтирилади.

Бундан ташқари, «темир дафтар»га кирган оилаларнинг 122 минг нафар фарзандлари, шунингдек, 370 минг нафар боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган болаларга мактабга чиқиши учун 500 минг сўмдан берилади (бунга бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилади).

Васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар ҳам олийгоҳларга киришда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари учун ажратилган қўшимча квотадан фойдаланади. Ҳозирда чин етимларга ажратилган 1,6 мингта квотанинг 563тасидан фойдаланилган, холос.

Бундан буён бошқа ҳудудлардаги Меҳрибонлик ва Болалар уйлари тарбияланувчиларини ҳам тарбияга олишга рухсат берилади ва электрон навбат тизими йўлга қўйилади. Мисол учун, Тошкент шаҳрида 64 нафар болага 518та оила навбатда турибди. Бу тизимда муаммо бор, бюрократия авж олган, шаффофлик йўқ», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид