Ўзбекистон | 12:08 / 29.07.2021
5535
2 дақиқада ўқилади

Китоб тумани ҳокими шифохонада даволанаётгани сабабли унинг вазифасини бажариш вақтинча ўринбосарига юклатилди

Китоб тумани ҳокими вазифасини бажариш вақтинча ҳоким ўринбосарига юклатилган. Маълум бўлишича, туман ҳокими соғлигидаги муаммолар туфайли шифохонада даволанмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Китоб тумани ҳокими Алишер Зокиров даволанишга чиққанлиги сабабли ҳоким вазифасини бажариш унинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Адҳам Пўлатов зиммасига юклатилган. Бу тўғрисида туман ҳокимининг 27 июль куни фармойиши имзоланган.

Қайд этилишича, мазкур фармойиш Алишер Зокиров даволаниб бўлиб, ўз вазифасига киришган кундан бошлаб ўз кучини йўқотади.

Kun.uz Китоб тумани ҳокимининг соғлигидаги муаммо юзасидан маълумот олиш учун Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов билан боғланди. Унинг айтишича, Алишер Зокиров коронавирусга чалинмаган, соғлигидаги бошқа муаммолар юзасидан муолажа оляпти.

Маълумот учун, Алишер Зокиров 2019 йил 26 октябрда Китоб тумани ҳокими этиб тайинланганди. Тайинловгача у «Микрокредитбанк» АТБ Қашқадарё вилоят филиали бошлиғи бўлиб ишлаган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид