1 августдан экспорт ва импорт билан шуғулланадиганларга қандай имтиёзлар берилади? Экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров билан суҳбат
Иқтисодиёт ассамблеяси ва Экспортчилар уюшмаси раиси Мухтор Умаров Kun.uz'га берган интервьюсида 1 августдан экспорт-импорт билан шуғулланувчи тадбиркорларга катта имтиёзлар эшигини очадиган президент қарори ва бугунги кунда мазкур йўналишда ечимини кутаётган муаммолар тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
1 августдан божхонада қандай имтиёзлар жорий этилади?
«Ҳукуматнинг 2021 йил 8 июлдаги «Божхона маъмуриятчилиги ва тартиб-тамойилларини янада соддалаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва уни тадбиркорларга етказадиган фойдаси ҳақида айтиб ўтсам.
Қарор манфаатдор вазирликлар билан ҳамкорликда, тадбиркорларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда экспортга кенг йўл очиш мақсадида ишлаб чиқилди. Аввал ҳам иттифоқ давридан кейин қабул қилинган «Толенг контрактлари» деган режим бўлган. Лекин уни деярли ишлатиш имконсиз эди. Сабаби унда буюртмачи бўлиши керак ва тадбиркорларимиз фақатгина хизмат кўрсатадиган мавқеда туриб қоларди. Шу нуқтайи назардан аввалги қарор ишламасди. Янги қарор бўйича эса тадбиркор хомашёни ўзи сотиб олиши, махсус божхона шартномалари асосида олиб келиши, ҚҚС, акциз ва бож тўламасдан хомашёни қайта ишлаб 180 кун ичида экспортга йўналтира олиши мумкин. Юқоридаги солиқлардан озод қилиниши, маҳсулот таннархига бевосита таъсир этувчи омил ҳисобланади.
Иккинчи тарафдан, тадбиркор савдо-сотиқ билан шуғулланиши мумкин. Эркин божхона омбори статусида хориждан маҳсулотни сотиб олиб, импорт эркин савдога чиқариш режимига қўймасдан туриб, уни иккинчи ёки учинчи мамлакатга экспорт қилиб юбориши мумкин. Бу ҳам тадбиркорларни ҚҚСдан озод қилади.
Аввал реэкспорт қилмоқчи бўлган тадбиркор маҳсулотни олиб кириб, ҚҚС тўларди, эркин савдога чиқариб кейин четга экспорт қила оларди. Эндиликда қарор билан бу тартиб анча соддалаштирилди. Натижада Шарқий Осиё, Покистон, Афғонистондан маҳсулотларни сотиб олиб Европага сотишимиз имконияти яратилди. Ҳозирги вақтда кема орқали юк ташишга 40 кун кетса, Ўзбекистондан Европага маҳсулотларни етказиб бериш максимал тезлиги 7-8 кунни ташкил этяпти. Темир йўлларнинг жозибадорлиги юк ташувларида йилдан йилга ўсиб боряпти, шу маънода қарор халқаро савдо билан шуғулланишда қўл келиши шубҳасиз.
Қарор халқаро рақамли тижорат – digital trading учун ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки тадбиркор маҳсулотни ишлаб чиқариб махсус божхона омборига олиб чиқиб қўя олади. Чет элдан буюртма келган заҳоти машиналарга юклаб чиқариб юборади. Рақамли тижоратда бир кун ҳам муҳим рол ўйнайди. Мисол учун, Европадан келган буюртмани 8 кун эмас, 7 кун ичида етказиб берадиган бўлса бу тадбиркорга янада ишончни оширади. Шу маънода қарор рақамли тижоратни ривожлантиришда ижобий рол ўйнайди.
Халқаро савдо учун қулай бўлган географик жойлашувимиздан самарали фойдалана олсак ва халқаро савдода ўз ўрнимизни топа олсак, бу мамлакатимизнинг тез ривожланишига катта ҳисса қўшади», дейди Умаров.
Экспорт ва импорт тизимида қандай муаммолар бор?
«Сертификат бериш тизимини мутлақо янгича тарзда кўриб чиқиш керак. Барча сертификатлар рақамли тарзда амалга ошириладиган, инсон фактори деярли иштирок этмайдиган тарзда, қисқа муддатда бериладиган механизмларни яратишимиз зарур.
Бундан ташқари, банк механизмларини ҳам йўлга қўйишимиз керак, банк инструментларини ишлатиш, айниқса, халқаро савдоларда ниҳоятда муҳим.
Чунки халқаро савдода турли хил банк инструментлари мавжуд, масалан, энг соддаси letter of credit, яъни кредит хати, аккредитив, discounting – булар бизда деярли ишламайди. Бу нарса халқаро савдоларни амалга оширишимизда каттагина тўсиқ бўляпти.
Банк, логистика, транзит юкларни ўтказишда ва бошқа экспортга оид соҳаларда ислоҳотларни жадаллик билан олиб боришимиз керак. Буни қайсидир катта доирадан рухсат беришини кутмай, ташаббус билан чиқиб жой куйдириш билан бажарса бўлади.
Рақамли тижоратни ҳамма хоҳлаяпти: ҳукумат ҳам, тадбиркорлар ҳам. Лекин амалда рақамли савдоларда натижа йўқ десам муболағали эмас. Катта-катта миқдордаги товарларимиз ҳалиям эски усулда амалга ошяпти, буни тадбиркордан харидорга етказиб бериш бўйича банк соҳасида муаммолар бор.
Мутасадди раҳбарлар бунга эътибор қаратиши зарур. Мисол учун пейми системаси ишламайди. Пейми ишламаса, тадбиркор Amazon орқали товар сота олмайди. Шу учун тадбиркорларимиз учинчи мамлакатларда ҳисоб рақам очиб, ўша ҳисоб рақамга пул ўтказиб, кейин савдога кириб боряпти.
Тўғри, Amazon яқинда Ўзбекистонни ўзининг расмий ҳамкорларига қўшди. Лекин бундай тўлов тизимларининг ишламаса, уйда ўтириб, дейлик, ҳунармандчилик маҳсулотларини сота бўлмайди. Бошқа давлатлар келиб биздан кўтара олиб кетиб, 10 баравар қимматига доналаб сотяпти. Демак, биз иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни истар эканмиз, бу борадаги оғриқли нуқталаримизни ўнглашимиз даркор.
Тадбиркорларимиз эса қайси платформа бўлмасин, Amazon, Alibaba ёки бошқа платформаларни ўрганиб чиқишлари зарур. Биз ҳам шу бўйича махсус курслар ташкил қиляпмиз. Лекин шуниси ҳам борки, биз бутун республикани қамраб ололмаймиз.
Вазият шунга боряптики, келажакда рақамли тижоратсиз савдо қилиш қийин. Пандемия ҳам шуни кўрсатяпти. Бу тизим орқали нафақат савдо қилиш, балки инвестициялар жалб этиш ҳам мумкин.
Экспортчилар уюшмаси нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Бир неча экспорт компаниялари бирлашиб шу ташкилотни тузганмиз. Ҳукуматга юқоридаги қарорни қабул қилиш бўйича ҳам уюшма ташаббус билан чиққан эди. Мана, натижа бўляпти.
3-8 сентябр куни мебелчиларни Европадаги энг катта мебел кўргазмаларидан бирига олиб кетяпмиз. Уларга қарийб 350 кв/метрдан ошиқ майдон ажратилди ва барча харажатлар давлат томонидан қоплаб берилди. Бу тадбиркорларга катта енгиллик беради, чунки жуда катта ва қиммат кўргазма саналади. Тарихда илк бор мебелчиларимиз Истанбулдаги йирик кўргазмада қатнашади», дейди суҳбатдош.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси — Муҳиддин Қурбонов
Тавсия этамиз
Бойлар давраси: дунё миллиардерлари Трамп инаугурациясида йиғилди
Жаҳон | 22:19 / 21.01.2025
Қўли кесилган 2 ойлик чақалоқ: унинг яқинлари шифокорлардан норози
Жамият | 14:20 / 21.01.2025
100 долларлик банкнотанинг эскисидан воз кечиляптими?
Иқтисодиёт | 11:05 / 21.01.2025
АПЛдаги илк ўзбек. Ҳусановнинг трансфери ҳақида асосий гаплар
Спорт | 09:16 / 21.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Нукус, Бухоро, Фарғона ва Наманганда техника университети очилади
Ўзбекистон | 18:12
-
Қирғизистонда тирбандликларга барҳам бериш учун пойтахтни кўчириш таклиф қилинди
Жаҳон | 18:09
-
Трамп президентликка киришган куниёқ бир неча судга берилди
Жаҳон | 18:05
-
Politico: ЕИ ва Британия АҚШ билан савдо урушига тайёрланмоқда
Жаҳон | 17:59
Мавзуга оид
13:35 / 21.01.2025
Карантин остидаги маҳсулотни экспорт қилувчилар учун қулай шароит яратилади
21:13 / 19.01.2025
Суриянинг янги ҳукумати Россия, Эрон ва Исроил товарлари импортини тақиқлади
18:06 / 19.01.2025
Қозоғистон Ўзбекистонга картошка экспортини 6 ойга тўхтатди
14:20 / 18.01.2025