Жаҳон | 19:25 / 31.07.2021
8019
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиядаги дипломатик миссияларида ишлайдиган 180дан ортиқ ходимини ишдан бўшатади

Апрелда Россия президенти Владимир Путин «дўст бўлмаган» мамлакатлар дипломатик  миссияларига ходим ёллашни чеклаганди.

Фото: Alexander Zemlianichenko/AP

АҚШ Москва, Владивосток ва Екатеринбургдаги дипломатик миссияларида ишлайдиган 182 нафар ходимни ишдан бўшатишга мажбур. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.

«Россия ҳукумати августдан бошлаб АҚШга россияликлар ёки учинчи мамлакатлар фуқароларини ишга ёллаш ёки улар билан меҳнат муносабатларини амалга оширишни тақиқламоқда. Натижада 182 нафар маҳаллий ходимни ишдан бўшатишга ва Москва, Владивосток ва Екатеринбургдаги объектларимиздаги ўнлаб пудратчилар билан меҳнат шартномаларини бекор қилишга мажбурмиз», — деди Блинкен.

Апрелда Россия президенти Владимир Путин «дўст бўлмаган» мамлакатлар дипломатик  миссияларига ходим ёллашни чеклаганди. Қайд этилишича, бундай давлатларнинг элчихона, консулхона ҳамда давлат органлари ва муассасалари ваколатхоналарига маҳаллий аҳоли билан меҳнат шартномаси тузиш чекланади.

 «Дўст бўлмаган» мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналарида ишлайдиган ходимлар сонини ҳукумат белгилайди. Бунда ўша мамлакат фуқаролари бўлган ходимларга нисбатан чеклов жорий этилмайди.

Путин ушбу фармонни имзолаган вақтда «дўст бўлмаган» мамлакатлар рўйхати ҳали тузилмаганди. Рўйхат май ўрталарида эълон қилинди, унга АҚШ ва Чехия киритилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид