Жаҳон | 08:55
863
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Эрон яна ўзаро ҳужумларни тўхтатишга келишди

Axios нашрининг ёзишича, АҚШ ва Эрон навбатдаги қуролли тўқнашувлардан сўнг яна бир-бирига ҳужум қилмасликка келишиб олди. Томонлар 30 июн куни Қатарда бўлиб ўтадиган музокараларгача ҳарбий ҳаракатлардан тийилишни режалаштирмоқда.

Фото: REUTERS

Нашр Вашингтондаги манбасига таяниб хабар беришича, 30 июн куни Қатарда Ҳўрмуз бўғозида эркин кема қатновини тиклаш масаласи бўйича учрашув ўтказилиши режалаштирилган. Шу вақтга қадар томонлар ўзаро зарба бермаслик мажбуриятини тасдиқлаган.

Ҳозирда Ҳўрмуз бўғози қисман очиқ бўлиб, Эрон денгиз кемаларидан ҳаракат йўналишларини мамлакат ҳарбий раҳбарияти билан келишишни талаб қилмоқда. Теҳрон ҳозирча ғарб давлатларига бўғозни тўлиқ миналардан тозалаш учун рухсат бермаган.

Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, бу сабабли кемалар акваторияда фақат иккита тор йўлак орқали ҳаракатланмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп бўғоз тўлиқ очилганини айтган бўлса-да, у орқали амалга оширилаётган юк ташиш ҳажми АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётлари бошланишидан олдинги кўрсаткичнинг ярмидан ҳам камлигича қолмоқда.

26–27 июн кунлари, расман амал қилаётган сулҳга қарамай, АҚШ ва Эрон ўртасида яна йирик ҳужумлар алмашинуви кузатилди. АҚШ Эрон икки кун давомида Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланган икки тижорат кемасига зарба берганидан сўнг мамлакатнинг соҳилбўйи ҳарбий объектларига ҳужум қилди.

Теҳрон эса мазкур кемалар Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси билан келишилган йўналишдан чиққанини таъкидлаб, Вашингтоннинг ҳаракатларини Эроннинг бўғоз устидан назоратини сусайтиришга қаратилган уриниш сифатида баҳолади.

Бунга жавобан Эрон Кувайт ва Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба берди. The Wall Street Journal маълумотига кўра, Баҳрайндаги ҳарбий объект жиддий зарар кўрган.

Расман сулҳ режими 8 апрелдан буён амал қилиб келаётган бўлса-да, шу вақт ичида ҳар икки томон уни бир неча бор бузган.

Ҳўрмуз бўғози Форс кўрфазидан жаҳон бозорларига нефт етказиб беришдаги энг муҳим транспорт йўлакларидан бири ҳисобланади. Шу боис бозор иштирокчилари унинг тўлиқ очилишини узоқ вақтдан бери кутмоқда.

17 июн куни АҚШ ва Эрон ўзаро англашув меморандумини имзолаганини эълон қилгач, нефт нархлари пасайишни бошлаган. 24 июн куни Brent нефти бир баррел учун 73,22 долларга, WTI нефти эса 69,87 долларгача тушган.

Бироқ томонлар ўртасидаги келишув ҳали якуний эмас. Мемoрандум имзоланганидан кейинги 60 кун ичида Эрон ядровий дастури, АҚШ қўшинларини қўшни давлатлардан чиқариш ва Ҳўрмуз бўғози орқали ўтувчи кемалардан тўлов ундириш масалалари бўйича келишувга эришилиши керак. Ҳозирча ушбу музокаралар юзасидан аниқ натижалар ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид