Жаҳон | 10:45
636
4 дақиқада ўқилади

АҚШ воситачилигида Исроил ва Ливан келишувга эришди

Исроил ва Ливан Вашингтонда АҚШ воситачилигида ҳадли келишувни имзолади. Ҳужжат икки давлат ўртасида узоқ муддатли тинчлик ва хавфсизликка замин яратишга қаратилган бўлиб, Исроил армиясининг Ливан жанубидаги айрим ҳудудлардан қисман чиқарилишини назарда тутади.

Фото: REUTERS

Келишув 26 июн куни АҚШ пойтахти Вашингтонда имзоланди. АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг таъкидлашича, ушбу ҳужжат икки давлат ўртасида мустаҳкам тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.

Исроил ва Ливан 1948 йилдан бери расман дипломатик муносабатларга эга эмас ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан уруш ҳолатида ҳисобланади.

Axios нашри Исроил ва АҚШ расмийларига таяниб хабар беришича, келишувга мувофиқ Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Ливан жанубидаги Литани дарёсининг шимоли ва жанубида жойлашган икки кичик ҳудуддан ўз қўшинларини олиб чиқади.

Бу ҳудудлар назорати тажриба лойиҳаси сифатида Ливан армиясига топширилади. Жараёнда АҚШ ҳарбийлари ҳам иштирок этиб, ушбу ҳудудларда «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи жангчилари қайта жойлашмаслигини назорат қилиши режалаштирилган.

Шунга қарамай, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу келишув имзоланганидан сўнг ЦАҲАЛ Ливан жанубида барпо этилган «хавфсизлик ҳудуди»ни ҳозирча тарк этмаслигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» қуролсизлантирилмагунча ва Исроилга нисбатан таҳдид сақланиб турган экан, Исроил ўз ҳарбийларини мазкур ҳудуддан чиқармайди.

Нетаняҳу ушбу келишувни Эроннинг Ливандаги таъсирига берилган жиддий зарба деб баҳолади.

«Амалда Исроил, Ливан ва АҚШ Эронга Ливанда унинг ҳам, “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳам, бошқа ҳар қандай ташқи кучнинг ҳам ўрни йўқлигини билдирмоқда», — деди Исроил бош вазири.

Ливан президенти Жозеф Аун эса келишувни мамлакат фуқароларининг ўз уйларига ва озод этилган ерларига қайтиши учун қўйилган биринчи қадам деб атади.

Унинг таъкидлашича, Ливан ўз ҳудуди ва суверенитетини ҳеч ким билан бўлишмайди.

Бироқ «Ҳизбуллоҳ» раҳбари Наим Қосим Исроил қўшинлари Ливан ҳудудининг ҳар бир қаричидан ҳеч қандай шартларсиз чиқиб кетишини талаб қилди.

Гуруҳ вакили, Ливан парламенти депутати Ҳасан Фадлалла эса ҳукумат мазкур келишувни амалга оширишга уринса, бу мамлакатда фуқаролар урушига сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди.

Томонлар якуний тинчлик келишувини 60 кун ичида ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

19 июн куни Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирган эди. Аммо ортиданоқ у бузилди. Исроил «Ҳизбуллоҳ» томонидан ўқ узилганини маълум қилиб, жавоб зарбаларини берди. Ливан маълумотларига кўра, ушбу ҳужумларда камида ўн киши ҳалок бўлган.

Ливандаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан боғлиқ можаросини дипломатик йўл билан ҳал қилиш жараёнининг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Шу йил март ойида Эрон қўллаб-қувватлайдиган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Исроилга ракета ва дронлар билан ҳужум қилган, бунга жавобан Исроил Ливанда кенг кўламли ҳарбий операция бошлаган эди.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, уруш бошланганидан бери Исроил зарбалари оқибатида 3 900 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Исроил томони эса 32 нафар ҳарбий хизматчи ва тўрт нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлганини маълум қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид