Самарқандда газ ҳисоблагич ўрнатилаётганда ўт чиқиб, уч уй ёнди. Зарарни ким қоплаб беради?
Самарқанд шаҳрида янги газ ҳисоблагич ўрнатиш чоғида ёнғин чиқди. Учта хонадонга ўт кетди. Бошпанасидан айрилганлар ҳозир мактаб биносида вақтинча яшашмоқда. Ҳеч ким уларга ёрдам кўрсатишга шошилмаяпти.
Жабрланганлар «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ одамлар ҳолидан хабар олмаётгани, уйни тиклашда ёрдам бермаётганидан ёзғиришди. Лекин бу ташкилотнинг воқеага алоқаси йўқ. Чунки газ қувурини кесиб, ҳисоблагич ўрнатишни улар билан шартнома тузган хусусий фирма ходимлари амалга оширган. Хусусий фирма эса хонадонларга етказилган зарарни қоплаб бериш имкониятига эга эмас. Чунки етказилган зарар миллиард сўм атрофида.
Самарқанддаги «Кулоллар» маҳалласи, Ғайрат кўчаси 3-уйда истиқомат қилувчи 72 ёшли Саида Сатторованинг айтиб беришича, воқеа шу йил 9 июль куни юз берган.
«Мароқандгазсчётчиксервис» МЧЖ ходимлари хонадонга АСКУГ ақлли газ ҳисоблагичи ўрнатиш асносида ичида газ бўлган қувурни «болгарка» ёрдамида кесишган. Трубадан сизиб чиққан газ чақинга тўқнашиб, ўт чиққан ва олов томга ўрлаб, қисқа вақт ичида бутун уйнинг катта қисми кулга айланган.
Саида Сатторова марҳум турмуш ўртоғи билан 50 йилдан буён йиғиб териб қурган уйи вайронага айланганини айтиб ўтди.
Унинг ҳикоя қилишича, бу уйларни раҳматли эри хом ғишт қуйиб, ўзи кўтарган, кўп йиллардан бери болалари ва набиралари билан яшаб келаётган эди. Ўт ўчирувчилар сув сепишганда уйнинг деворлари ҳам ивиб, мустаҳкамлигини йўқотган.
Оила рўзғор тебратадиган чоғроқ дўкондаги 150 миллион сўмлик маҳсулотлар, музлаткич, совитгич каби турли жиҳозлар ҳам яроқсиз ҳолга келган.
Машъум воқеанинг афсусланарли жиҳати — Самарқанднинг бу эски шаҳар қисмида уйлар бир-бирига улаб қурилган. Аввал кўча томондаги дўкон ёнган. Сўнгра олов том орқали айланиб турар жойларга ўтган. Яна икки қўшнининг уйига ҳам уланган. Қўшни уйлардан бири буткул вайрон бўлган, иккинчисига ҳам анчагина зиён етган.
Эски шаҳарнинг тор кўчалардан амаллаб етиб келган ўт ўчирувчиларнинг меҳнатигина бутун маҳаллани ёниб кетишдан сақлаб қолган.
Айни пайтда бу оила ўз уйи қаршисидаги 3-мактабда яшаб турибди. Тунда директор қабулхонасидаги гиламда ётишади. Кундузи эса мактаб боғидаги сўрида овқатланишади. Овқат ҳам шу ерда тайёрланади.
Онахон ўзлари истиқомат қилиб келаётган уйга ҳамда дўконда ёнган маҳсулотларга етказилган зарар тезроқ қоплаб берилишини истамоқда. У шу мақсадда ички ишлар органи ва прокуратурага мурожаат қилган.
Фирма эгаси онахонни тинчлантириш учун зарарни қоплаш ҳақида тилхат ёзиб берган. Аммо орадан ҳафталар ўтган бўлса-да, ишда сезиларли силжиш йўқ, иш судлашишгача бориб етиши мумкин.
Биз мазкур воқеа юзасидан 2008 йилда ташкил этилган ва бу соҳада анча тажриба тўплаган «Мароқандгазсчётчиксервис» МЧЖ бошлиғи Шаҳобиддин Ширинов билан телефон орқали суҳбатлашдик.
У суҳбат асносида зарарлар қопланиши масаласи кўрилаётганини айтди-ю, аммо ташкилотда бор-йўғи 10 киши ишлаши, ёнғин учун фақат улар жавобгар эмаслиги, бунча зарарни қоплаб бера олмаслигини ҳам таъкидлади.
Масала юзасидан изоҳ берган «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ матбуот хизмати бошлиғи Бахтигул Қаршиева ташкилот раҳбарлари воқеадан хабардорлиги, аҳоли ва ҳисоблагич ўрнатувчи фирма ўртасида зарарни қоплаб бериш борасида келишувга эришилганини айтиб ўтди.
«Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ бошлиғи ўринбосари Жасур Авазов тизимда ходимлари етишмаслиги туфайли хонадонларга ақлли газ ҳисоблагичлар ўрнатишда тендер орқали хусусий фирмаларнинг ҳам хизматидан шартнома асосида фойдаланилишини билдирди.
Хўп, тендер ўтказилар экан, лекин уни ютиб олган томон билан тузилган шартномада томонларнинг мажбуриятлари белгиланган бўлади. Шартномадан кўринмоқдаки, ҳисоблагич ўрнатиш ишларида хавфсизлик техникасига амал қилиш монтаж ишларини амалга оширувчи бажарувчининг зиммасида.
Демак, Самарқанд шаҳрида рўй берган ушбу ҳодисадан шундай хулосага келиш мумкин:
«Ҳудудгаз» ходимлари ҳукумат қарорида белгиланган муддат — шу йилнинг 1 декабригача АСКУГ ҳисоблагичларни ўрнатишга улгуришмайди. Шу сабабли АСКУГ ҳисоблагични ўрнатиш билан хусусий фирмалар ҳам шуғулланмоқда. Лекин каттароқ зарар етадиган бўлса, хусусий ташкилот жавоб бера олмайди, чунки молиявий имкониятлари кўтармайди.
«Ҳудудгаз» филиали эса сизга етказилган зарарни қоплаб бермайди, чунки формал жиҳатдан бўлиб ўтган ишларга алоқаси йўқ.
Энди ҳақли савол туғилади: «Ҳудудгаз» формасида бўлмаган, қўлида филиал ишчиси эканини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган инсонга одамлар ўз уйида ҳисоблагични алмаштиришни ишониши мумкинми?
Тўғри, бунақа ҳолатлар ҳар куни рўй бераётгани йўқ. Лекин бунақаси келгусида юз бермаслиги учун хавфсизлик қоидалари қатъий назоратга олиниши, жавобгарлик кучайтирилиши керак эмасми? Бу масъулиятли иш бирор кор-ҳол рўй берса, зарарни тўлиқ қоплаб бериш қудратига эга бўлган корхоналаргагина ишониб топширилиши керакмасми?
Саида она эса бундай формалликлардан бехабар. Онахон унга етган мусибат яхшилик билан якун топишидан, етказилган зарар тўлиқ қопланиши, уйи тиклаб берилиши ва бу машъум кунлар унут бўлишидан умидвор. Фақат шуни дуо қилиб сўрамоқда.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Тавсия этамиз
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Тошкентда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди
Ўзбекистон | 20:34 / 24.04.2025
Стоматология поликлиникалари хусусийлаштирилади
Ўзбекистон | 10:56 / 24.04.2025
Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?
Ўзбекистон | 22:43 / 23.04.2025
Мавзуга оид

13:52 / 09.03.2025
Самарқандда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди

16:25 / 26.02.2025
Самарқанд вилоятида яна икки туман ҳокимлари ўзгарди

18:59 / 13.02.2025
Самарқандда автобус ағдарилиши оқибатида 22 киши жароҳатлангани маълум бўлди

16:11 / 06.02.2025