Жаҳон | 23:44 / 02.08.2021
7017
2 дақиқада ўқилади

Twitter асосчиси 29 миллиард долларга молия компаниясини сотиб олди 

Twitter асосчиси Жек Дорсига тегишли Square тўлов компанияси Австралиянинг Afterpay молия компаниясини 29 млрд долларга сотиб олиш ҳақида битим имзолади. Ушбу битим қиймати Австралия компаниялари учун энг йириги ҳисобланади.

Фото: Getty Images

Таъкидланишича, ушбу харид компанияларга жозибадор молиявий маҳсулотлар ва хизматларни яхшироқ тақдим қилишга имкон беради.    

Битимни 2022 йил 1-чорагида ёпиш режалаштирилган.

Afterpay хизмати фойдаланувчиларга онлайн тарзда BNPL, яъни “buy now, pay later” — “ҳозир сотиб ол, кейин тўла” тамойили асосида харидлар амалга оширишни таклиф қилади. Ҳозирда бундай хизмат интернет орқали тўловларни амалга оширишда тобора оммалашиб бормоқда. Айни вақтда Apple ҳам шундай хизматни йўлга қўйиш устида ишлар олиб бормоқда.

Afterpay технологияси фойдаланувчиларга товарларни дарҳол олган ҳолда унга тўловни фоизсиз 4га бўлиб амалга оширишга имкон беради. Мижозлар автоматик тўловни ўтказиб юборганларидагина комиссия тўлайдилар. Агар қарздорлик юзага келса, қарз тўланмагунча фойдаланувчининг аккаунти блоклаб қўйилади.

Таъкидланишича, Square ушбу технологияни ўзининг Seller ва Cash App бўлинмаларига интеграция қилмоқчи.

30 июн ҳолатига кўра, Afterpay хизмати бутун дунё бўйлаб 16 млндан кўпроқ харидор ҳамда мода, уй ва спорт товарлари каби соҳаларда фаолият юритувчи 100 мингга яқин сотувчига хизмат кўрсатган.

Мавзуга оид