Жаҳон | 23:52 / 02.08.2021
11025
2 дақиқада ўқилади

Вашингтон 24 нафар россиялик дипломатдан 3 сентябргача АҚШни тарк этишни талаб қилди

Вашингтон Россия томонига визаси амал қилиш муддати тугаши сабабли АҚШни 3 сентябргача тарк этиши керак бўлган 24 россиялик дипломатдан иборат рўйхатни топширди. Бу ҳақда Россиянинг Вашингтондаги элчиси Анатолий Антонов National Interest нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: Rostislav Ageev/Shutterstock/Fotodom

“Афсуски, вазият яхши томонга ўзгармаяпти. Россиянинг АҚШдаги дипломатик миссиялари мисли кўрилмаган чекловлар шароитида ишламоқда. Бу чекловлар нафақат кучда қолмоқда, балки янада кучайтирилмоқда. Байден маъмуриятининг дипломатия роли муҳимлиги ва Россия билан барқарор муносабатларни ривожлантиришга тайёрлик ҳақидаги баёнотларига қарамай, Россия дипломатик корпуси зарбаларга учрашда давом этмоқда”, деб айтган Россия элчиси. 

“Биз 3 сентябргача АҚШни тарк этиши керак бўлган 24 дипломатдан иборат рўйхатни олдик. Вашингтон визалар беришни қатъийлаштиргани сабабли бу дипломатларнинг деярли барчаси ўрнига бошқа ходимлар келмаган ҳолда жўнаб кетишади”, деб қўшимча қилган Антонов.

Бундан ташқари, АҚШ Россиядаги элчихона ходимларининг рафиқалари ва фарзандларининг амалдаги визаларини сабабини тушунтирмаган ҳолда бекор қилмоқда. Антоновнинг таъкидлашича, буларнинг барчаси россиялик дипломатларни АҚШдан сиқиб чиқариш мақсадида қилинмоқда.

“Бундай вазият ҳеч ким учун фойдали эмас. Томонлар тенглиги асосида қарор қабул қилиш лозим. Буни амалга оширишнинг энг содда ва тез йўли дипломатларнинг фаолиятини чекловчи барча чораларни бекор қилиш ҳисобланади”, деб айтган Россия элчиси.

Мавзуга оид