23:11 / 03.08.2021
46472

Тошкентнинг лафзсиз ЙҲХ мулозимлари: Ҳукумат қарори оёқости бўлганича қолди

Фото: Norma.uz

Қонунларда белгиланган мажбуриятлардан кўра раҳбарларининг буюрган ҳаттоки ноқонуний топшириқларини сўзсиз бажарадиган йўл посбонлари бугун биз такрор эслаб ўтадиган масалада ўз тизимининг энг юқори мансабдори берган топшириққа ҳам “тупуриб” қўйишди.

Сайтимизда “ЙҲХ ходими ҳукумат қарорига зид равишда электрон суғурта полисини инобатга олмади ва маъмурий баённома тузди” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди.

Мақолада Kun.uz'га мурожаат қилган фуқаро ўзининг шахсий автомобили ДЙҲХ ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилганда, уларга тақдим қилган электрон суғурта полиси (E-полис) инобатга олинмагани ҳикоя қилинган.

Ҳайдовчига автомобилни транспорт эгалари фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғуртасисиз бошқарганлик айби билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳолбуки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 780-сонли қарори билан тасдиқланган низом 32-бандида давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан Е-полис ҳақиқийлигини текшириш тегишли мобил қурилма орқали QR-кодни ўқиб олиш ёки Е-полис ноёб рақамини киритиш орқали амалга оширилиши белгиланган.

Юқоридаги ҳолатда ЙҲХ ходими ҳайдовчи томонидан ўзига телефонда кўрсатилган электрон суғурта полисига ҳаттоки қайрилиб қарамаган. Шунингдек, ходимга Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва тўғридан тўғри раҳбар органи – ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Олимжон Саидовнинг хати кўрсатилган бўлишига қарамай, ҳайдовчига маъмурий баённома расмийлаштирган.

Ҳайдовчига БҲМнинг бир баробари (245 минг сўм) миқдорида жарима ёзилган. Ҳуқуқлари бузилган фуқаро йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг қонунга зид қарори устидан судга шикоят киритган.

Мақола эълон қилингач, муаллиф ва асоссиз жаримага тортилган ҳайдовчи Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲБга таклиф қилинди. Маъмурий баённомани расмийлаштирган ходим ҳам чақиртирилди. Буни қарангки, ходим ҳатто қўлидаги планшетдан фойдаланишни ҳам тузук-қуруқ билмас экан. Унга шу ернинг ўзида Е-полис планшетдан қандай текширилиши бўйича мастер-класс ҳам ўтиб беришди.

Сўнгра ҳайдовчига тушунмовчилик рўй бергани айтилиб, маъмурий баённома тез кунда бекор қилинишига ваъда беришди. Бу ваъдаларга ишонган ҳайдовчи судга киритган шикоятини ҳам қайтариб олди.

Аммо мана, орадан 1 ойдан ошиқроқ вақт ўтди ҳамки, ўша маъмурий баённома бекор қилингани йўқ.

Қонунларда белгиланган мажбуриятлардан кўра ўз раҳбарининг, ҳаттоки, ноқонуний топшириқларини сўзсиз бажарадиган йўл посбонлари бугун биз такрор эслаган масалада ўз тизимининг энг юқори мансабдори (О.Ч.Саидов) берган топшириққа ҳам тупуриб қўйишди.

Бу воқеада Вазирлар Маҳкамасининг қарори икки чақага олинмаганини қўя турайлик. ДЙҲХХ мулозимларининг ўзлари берган ваъдасининг устида турмаслиги, лафзсизлиги ҳам алоҳида “эътироф”га лойиқ.

Шунинг учун ҳеч қачон уларнинг оғзаки ваъдаларига ишонмаслик керак, доимий уларга қарши қонуний йўл билан курашиш керак. Солиқ тўловчилар ҳисобидан мансабда ўтирган ва маош олаётган бундай шахсларга яхши гап, муроса каби нарсалар бегона бўлса керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар вазирлиги e-Jarima портали бир неча ой ишламай ётгани учун масъулиятни бўйнига олишдан қочган эди. Вазирлик портал ишламаслиги ҳақида олдиндан огоҳлантирмаган, саргардон қилингани учун фуқаролардан узр ҳам сўрамаган эди. ИИВнинг айби билан жаримани чегирмали равишда тўлаш ҳуқуқи поймол бўлган фуқаролар масаласи эса ҳамон очиқ қоляпти.

Дилшод Абдуқодиров

Top