Жамият | 16:17 / 04.08.2021
11639
3 дақиқада ўқилади

Ёлғиз она фарёди: “Қизим даволаниши учун иккита уйимизни сотдик, етмаганига 57 ёшимда тиланчилик қиляпман...”

Таҳририятимизга оғир операция туфайли сахийлар кўмагини сўраб мурожаат қилаётганлар жуда кўп. Қорақалпоғистонлик Виктория Жумашева ҳам оғир дардга чалинган. Соғайишнинг, ҳаётни сақлаб қолишнинг ягона чораси ўпка устида Германияда амалиёт ўтказиш.

Викторияга ёлғиз онаси Бағдагул опа Гулимбетова қараб, парваришлаб келмоқда. Викториянинг икки ўпкасини ҳам касаллик қоплаб олган. Шифокорларнинг айтишича, биринчи ўпка бутунлай ишдан чиққан. Иккинчи ўпка 40 фоиз ишлаяпти. Унга "Чап ўпканинг тотал кистоз-буллёз трансформацияси, ўнг ўпка эмфиземаси" ташхиси қўйилган.

Она ва қиз 7 йилдан бери дард билан курашиб келмоқда. 57 ёшни қаршилаган ёлғиз она қизининг тузалиб кетиши учун иккита уйини сотган. Уйларнинг пули дори-дармон ва Викторияни операция қилдиришга кетган. Охирги амалиёт Германияда қилиниши керак. Ёлғиз онаизорга ҳеч қаердан ёрдам бўлмагач, бўйнига плакат тақиб кўчага тиланчиликка чиқиб кетди. Бағдагул опа тиланчилик қилиш учун асосан Нукусдаги бозорга ва жума кунлари масжидга чиқади. Ҳар ким унга қўлидан келганича ёрдам беради.

Бағдагул опа ёрдам илинжида баъзи “блогер”ларга ҳам алданиб қолади. Унинг бозорда тиланчилик қилаётган видеоларини ижтимоий тармоққа жойлаган "YouTuber"лар Бағдагул опага хайрияга йиғилган пулни олиб келиб беришмайди. Баъзилари эса Бағдагул опа номига очилган карта ўрнига бошқа карта рақамини қўйиб пул ишлашади.

"Кўп қийналдик. Ҳамма бизлардан воз кечиб кетди. Қариндошларимиз бошида ёрдам бериб туришди. Кейин ўзимиз билан ўзимиз қолдик. Ижарада яшадик. Куннинг совуғида у ердан ҳам чиқариб юборишди. Квартирама-квартира юрдик. Жуда қийналдик. Охири бозорга плакат кўтариб чиқишга мажбур бўлдим”, – дейди чорасиз қолган она биз билан суҳбатда.

Биз бемор Виктория Жумашева билан ҳам суҳбатлашишга ҳаракат қилдик. Aммо битта ўпканинг ярми билан қолган қиз гапиришга қийналди. Икки оғиз сўзлагандан кейин нафас олиши қийинлашиб қолаверди.

Викториянинг Германиядаги операциясига зарур 26 минг евро маблағни йиғиш учун саховатли ҳамюртларимиз ёрдами керак. Она ва қизда бор-йўғи 5 ой вақт қолган. Яхшики бундай инсонлар жуда кўп ва бу беморни ҳам ёлғизлатиб қўймайдилар.

Виктория Жумашевага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0609 3022 3665 (Халқ банки, онаси Бағдагул Гулимбетова номида)

Виза: 4790 9122 1018 5387 (онаси Бағдагул Гулимбетова номида)

Yandex ҳамён: 4100 1162 7228 2907

Телефон: +99893 367 93 26 (онаси)

Шуҳрат Саидаҳмадов.

Мавзуга оид