Жаҳон | 16:50 / 05.08.2021
5812
1 дақиқада ўқилади

Японияда коронавирус юқтириш ҳолатлари сони мисли кўрилмаган тезликда ўсаётгани айтилди

Юқумли касалликлар миллий институтининг фикрича, Япония пойтахтида аниқланган ҳолатларнинг қарийб 70 фоизига "дельта" штамми сабаб бўлмоқда.

Япониянинг кўплаб районларида коронавирус юқтириш ҳолатлари сони мисли кўрилмаган тезликда ўсмоқда. Бу ҳақда мамлакат иқтисодий ривожланиш вазири Ясутоси Нисимура айтди, деб ёзади The Japan Times.

Вазирнинг сўзларига кўра, кейинги ҳафталарда касаллик ўчоқлари илгари кам қайд этилган жойлар, масалан, универмаглар, сартарошхона ва мактабларда аниқланмоқда.

Юқумли касалликлар миллий институтининг фикрича, Япония пойтахтида аниқланган ҳолатларнинг қарийб 70 фоизига "дельта" штамми сабаб бўлмоқда.

Экспертлар вирус ҳозирги суръатда тарқалишда давом этса, икки ҳафтадан сўнг Токиода кунига 4500та ҳолат аниқланишини айтмоқда.

2 августдан буён мамлакатнинг Сайтама, Тиба, Канагава ва Осака префектураларида фавқулодда вазият режими амал қилмоқда, Хоккайдо, Исикава, Киото, Хего, Фукуокада кучайтирилган чоралар режими жорий этилган. Токио ва Окинавада фавқулодда вазият режими 31 августгача узайтирилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид