Жаҳон | 23:50 / 06.08.2021
9789
2 дақиқада ўқилади

Хитойда йирик компаниялардан бири “очкўзлиги” учун жазоланди

Хитой антимонопол хизматлари таомлар етказувчи йирик хизмат Meituan компаниясини “очкўзлиги” учун жазолашга қарор қилди. Гап шундаки, компания ҳамкор фирмаларга ўзига рақобатчи компаниялар билан ҳамкорлик қилишни тақиқлаган.

The Wall Street Journal нашрининг вазиятдан хабардор манбаларга таяниб хабар беришича, компанияга 1 млрд доллар жарима солинади. Бундан ташқари, у ўз ишлаш тамойилларини ўзгартиришига тўғри келади. Расмий идоралар бу борада яқин ҳафталарда баёнот беради.

Ҳозирда компания “иккисидан бирини танла” шиори остида фаолият юритади. Яъни Meituan хизмати орқали товарлари етказиладиган фирмалар бошқа бундай компаниялар хизматларидан фойдалана олмайди. Бундай шароитда кичик корхоналарга айниқса қийин бўлади, чунки улар ўз товарларини жойлаштирадиган платформалар сони камайган сари ўз даромадининг катта қисмини йўқотади.

Хитой антимонопол идоралари Meituan’га қарши апрелда тергов бошлаган. Компания бунга қаршилик кўрсатмаган ва терговга ёрдам бериш мажбуриятини зиммасига олган. Апрелда Хитойнинг гигант компанияларидан бири Alibaba бозордаги устувор мавқейини суиистеъмол қилгани учун ички бозордаги йиллик тушумининг 4 фоизи миқдорида, яъни 2,8 млрд доллар жарима тўлаганди. Хитой қонунчилигига кўра, бу турдаги жарималар компания йиллик тушумининг 10 фоизидан ошмаслиги керак.

Meituan Хитойда таом етказувчи энг йирик хизмат ҳисобланади. У орқали маҳсулотлар сотиб олиш ва меҳмонхоналарни бронлаш ҳам мумкин. 2020 йилда компаниянинг тушуми 17,8 млрд долларни ташкил қилган, бозор қиймати эса 170 млрд долларга етган. Компания капиталлашуви бўйича Хитойда фақатгина технологик гигантлар — Alibaba Group ва Tencent’дан кейинги ўринда туради. 

Мавзуга оид