Жаҳон | 10:38 / 08.08.2021
7946
2 дақиқада ўқилади

Хитойда 15 амалдор аэропортда бошланган коронавирус тарқалиши учун жазоланди

Хитойнинг Нанкин шаҳрида 15 мансабдор шахс маҳаллий аэропортда коронавирус тарқалишига йўл қўйгани учун жазоланди.

Фото: Winson Wong

Global Times нашрининг хабар беришича, жазога тортилганлар орасида Нанкин вице-мэри Ху Ваньцзин бор. У эпидемияни назорат қилишда ўз мажбуриятларини тегишлича бажара олмагани учун жаримага тортилган. Шунингдек, маҳаллий соғлиқни сақлаш комиссияси раҳбари Фан Чжуню сифатсиз иши учун лавозимидан олинган ва унга “жиддий огоҳлантириш” берилган.

Олиб борилган тергов натижасида Eastern Airports халқаро компанияси бош директори ўринбосари Ван Чао ҳибсга олинган. Ушбу компания аэропортда касалланишлар ортидан назорат олиб бориш билан шуғулланади.

Таъкидланишича, жазога тортилганлар сони ошиши мумкин, чунки яна бир неча кишига нисбатан тергов олиб борилмоқда.

Нанкин аэропорти Лукоу Хитойда коронавируснинг янги авж олиши ўчоғига айланди. Вируснинг бу ерда аниқланган “дельта” штамми мамлакатнинг 20дан кўпроқ шаҳрида тарқалди.

Аэропортда вирус билан илк касалланиш ҳолатлари 20 июль куни қайд этилган. Тахмин қилинишича, бунга Air China авиакомпаниясининг 10 июлда Россиядан учиб келган самолётини тозалаган ишчилар сабаб бўлган. Таъкидланишича, улар тозалаш ишлари вақтида шахсий дезинфекция меъёрларини бузган бўлишлари мумкин. Натижада улар вирусни бошқа ҳамкасбларига юқтиришган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид