Иқтисодиёт | 19:13 / 09.08.2021
14733
2 дақиқада ўқилади

Истеъмолчилар ҳуқуқлари энг кўп бузилаётган соҳа маълум бўлди

Истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг ярми – уй-жой коммунал ва транспорт хизматларига тўғри келмоқда.

2021 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жами 15 609 мурожаат келиб тушган ва мурожаатларнинг ярмидан кўпи уй-жой коммунал ва транспорт хизматларига тўғри келади.

Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати раҳбари Моҳрухсор Тоғоева маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг

  • 52,5 фоизи уй-жой коммунал, транспорт хизматлари;
  • 20,5 фоизи савдо ва умумий овқатланиш хизматлари;
  • 13,6 фоизи алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар;
  • 13,4 фоизи реклама муносабатлари ва бошқа масалаларга тўғри келади.

“Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 77 фоизи қаноатлантирилди, 20 фоизига тегишли тушунтиришлар берилди ва 3 фоизи ваколатли идораларга юборилди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 6 ойида 5,7 миллионга яқин истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган, шундан уларга етказилган зарар миқдори 130 млрд 200 млн сўмни ташкил этди. Истеъмолчилар фойдасига 78 млрд сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Таҳлилларга кўра, 604 минг хонадонга суюлтирилган газ етказиб берилмаган. Натижада, кўрсатилмаган хизматлар учун аҳолидан 4 млрд сўмдан ортиқ  тўлов ундирилди. Белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, истеъмолчиларга 7 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Бундан ташқари, истеъмолчилардан 30 млрд сўмга яқин ичимлик суви учун ортиқча тўлов ундирилган. Шундан Жиззах, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари бўйича аҳолига 9,7 млрд сўм маблағ қайта ҳисобланган”, – деди Тоғоева AОКAдаги брифингда.

Aгентлик матбуот хизматига кўра, лизинг ёки ижара шартномаси асосида автомобил сотиб олиш борасида кўплаб мурожаатлар келиб тушаётгани боис ўрганиш олиб борилган. Маълум қилинишича, ўтган йил ва 2021 йилнинг 6 ойида жабр кўрган истеъмолчилардан республика миқёсида 1290та мурожаат келиб тушган, 10 млрд сўм маблағ аҳолига қайтарилган.

Мавзуга оид