Жамият | 13:27 / 10.08.2021
7564
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида 1 гектар ерни 200 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс ушланди

ДХХ ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом ва Жомбой туманларида ер сотмоқчи бўлган шахслар ушланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Паст Дарғом тумани ҳудудида 1 гектар ерни фуқарога расмийлаштириб бериш эвазига ундан 200 минг АҚШ доллари талаб қилган шахслар қўлга олинган.

Қайд этилишича, 1988 йилда туғилган хусусий тадбиркор Р.Ш. қариндоши, 1954 йилда туғилган Ғ.Н. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, туманнинг Дўстлик массивида жойлашган Кимёгарлар маҳалласи ҳудудидан енгил конструкцияли иссиқхона қуриш учун ажратилган 1 гектар ер майдонини фуқаро А.Ш.га расмийлаштириб бериш эвазига ундан 200 минг доллари беришини талаб қилган.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда Р.Ш. ва Ғ.Н. мазкур фуқародан келишилган маблағдан 190 минг долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Бундан ташқари, Жомбой туманида яшовчи Т.Э. ва Н.Д. Самарқанд сув хўжалигига қарашли бўлган 16 сотих ер майдонини фуқаро Ш.Б.га ноқонуний равишда расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 33 200 доллар сўраган.

ДХХ ва ИИБ ҳамкорлигида ўтказган тезкор тадбир давомида бу фуқаролар Ш.Б.дан келишилган пулдан 7 000 доллар олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Таъкидланишича, ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жомбой туман прокуратураси томонидан жиноят кодексининг 168- ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид