Жаҳон | 21:24 / 10.08.2021
16352
1 дақиқада ўқилади

Стюардесса ёрқин реклама учун дунёдаги энг баланд бино учида 5 соат ўтказди

Николь Смит-Людвик исмли стюардесса Emirates авиакомпаниясининг реклама ролиги учун дунёнинг энг баланд биноси – Дубайдаги Бурж-Халифа учида 5 соат ўтказди.

Аvianews нашрининг хабар беришича, стюардесса махсус эффектлар ва “яшил фон” қўлланмаган ҳолда олиниши режалаштирилган рекламада суратга тушишга рози бўлган кўнгиллилардан бири бўлган.

Рекламанинг суратга олиниши олдидан авиакомпанияга тегишли ангарлардан бирида Смит-Людвик парашютдан сакраш бўйича инструктор билан репетиция ўтказган. У 828 метр баландликда туриб, реклама шиорлари ёзилган табличкаларни бирин-кетин кўрсатиши керак бўлган.

Суратга олиш куни жамоа Бурж-Халифанинг энг юқори нуқтасига 1 соат 15 дақиқа давомида кўтарилган. Бино учида реклама ролиги қаҳрамонини учта хавфсизлик троси ушлаб турган: улардан иккитаси бино учига, яна биттаси эса суратга олиш ишлари учун махсус яратилган платформага маҳкамланган. Тросларнинг барчаси стюардесса униформаси остига яширилган.

Эътиборлиси, Смит-Людвик бино учида 5 соат туришига тўғри келган. Бу вақт давомида суратга олиш гуруҳи бир дрон ёрдамида бир нечта бозорлар учун реклама роликларини суратга олган.

Мавзуга оид