Жамият | 20:37 / 11.08.2021
1744
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда қонунчилик ҳужжатлари нотўғри қўлланишидан жабр кўрган тадбиркорнинг ҳуқуқи Олий судда тикланди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида фаолият юритувчи «Илҳом» МЧЖ (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) маъмурий суд қарорларидан норози бўлиб Бизнес-омбудсман девонига мурожаат қилган. Бизнес-Омбудсман томонидан Олий судга киритилган шикоят қаноатлантирилган ва тадбиркорнинг ҳақ-ҳуқуқлари тикланган. Бу ҳақда Бизнес-Омбудсман девони бош инспектори Шероз Шодиев Kun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, «Илҳом» МЧЖга Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан 2018 йил 17 декабрда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун 0034-сон лицензия берилган. Мазкур лизенция асосида МЧЖга Яккабоғ туман ҳокими томонидан 2019 йил 30 декабрда 3,5 гектар ер майдони 10 йил муддатга ижарага берилган.

Аммо Яккабоғ туман маъмурий судининг 2020 йил 25 июндаги қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 981-сон «Дарёлар ўзанларини тозалаш ишларига тадбиркорлик субъектларини электрон онлайн-аукцион орқали жалб қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида»ги қарори талабига мувофиқ «Илҳом» МЧЖга ер майдони электрон онлайн-аукцион орқали берилмагани таъкидланиб, қайд қилинган ҳоким қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Қашқадарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2020 йил 28 августдаги қарори билан «Илҳом» МЧЖ томонидан киритилган апелляция шикояти инобатга олинмаган ҳамда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Қайд этилишича, ўша вақтда президентнинг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ–4078-сон «Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори амалда бўлган. Унинг 1-бандига мувофиқ 2019 йил 1 январдан норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия асосида ер қаъридан фойдаланувчининг мурожаатига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тегишли ер участкалари ўн кундан ошмаган муддатда очиқ савдоларсиз, тўғридан тўғри лицензиянинг амал қилиш муддати ва ер қаъри участкасининг чегараларига мувофиқ ажратиб берилиши белгиланган.

Таъкидланишича, биринчи ва иккинчи апелляция инстанциялари томонидан ишларни кўриб чиқишда «Илҳом» МЧЖнинг фаолияти қум-шағал аралашмасини майдалаш ва саралашдан иборат экани ҳамда бу борада МЧЖга норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лизенция берилгани, шу сабабли ер майдони ҳокимлик томонидан тўғридан тўғри ажратилгани эътибордан четда қолган.

Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорлик субъекти манфаати учун Бизнес-Омбудсман томонидан Олий судга шикоят киритилган. Олий суднинг 2021 йил 18 майдаги қарори билан шикоят қаноатлантирилиб, «Илҳом» МЧЖ манфаатига зид тарзда чиқарилган қуйи инстанция суд қарорлари бекор қилинган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид