Жамият | 18:02 / 11.08.2021
1775
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида қалбаки валютани муомалага киритганларга жиноий иш очилди

Тошкент шаҳри Олмазор тумани ва Самарқанд вилояти Нарпай туманида уяли алоқа воситаларини харид қилиб, эвазига қалбаки АҚШ доллари берган шахслар аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Олмазор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро Қ.К. қалбаки долларларни муомалага киритгани аниқланган. У ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида «OLX» интернет савдо дўкони орқали фуқаро Р.нинг iРhone 12Pro Max русумли уяли алоқа воситасини харид қилишга келишиб, учрашган вақтида унга тўлов учун қалбаки 1 150 доллар бериб кетган.

Шунингдек, департаментнинг Нарпай туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро О.У. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб сотиб олган маҳсулоти учун қалбаки доллар бергани аниқланган. Улар, фуқаро У.нинг 2 дона Samsung А 21S русумли уяли алоқа воситасининг ҳар бирини 2 миллион сўмдан харид қилишга келишиб, 4 миллион сўм ўрнига қалбаки 400 доллар берган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

 

Мавзуга оид