11:08 / 13.08.2021
6579

Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларнинг қарийб 100 фоизи коронавирусга қарши эмлангани маълум қилинди

Ўзбекистон армиясининг 90 фоиздан ортиғи 2 босқичда, 61 фоизи 3 босқичда коронавирусга қарши эмланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Бугунги кунга келиб Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг 94,7 фоизи — 1-босқичда, 91,6 фоизи — 2-босқичда, 61,1 фоизи эса 3-босқичда эмланди. Бу ҳақда вазирлик Санитария-эпидемиология назорати маркази хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг август ойидан бошланган Қуролли Кучлар ишчи ва хизматчиларини эмлаш жараёнларида ZF-UZ-VAC-2001 хитой-ўзбек вакцинаси, “Спутник V” ва Модерна вакциналаридан фойдаланилмоқда.

“Эмлаш ишлари Мудофаа вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати маркази, ҳарбий госпиталлар, ҳарбий қисм ва муассасалар тиббиёт хизматлари томонидан амалга оширилмоқда. Эмлаш ишларини сифатли ташкил этиш мақсадида Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасалар тиббиёт ходимларидан 647 нафар вакцинаторлар тайёрланди, шунингдек, тиббиёт пунктларида 81 та эмлаш пунктлари, Марказий ҳарбий клиник госпитали, Марказий шифохона ва ҳарбий госпиталларда 8 та эмлаш бригадаси ташкил этилди,” – дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар президент Шавкат Мирзиёев, бош вазир, вазир ва кўплаб ҳокимлар Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган коронавирусга қарши вакциналардан бири билан эмлангани хабар берилганди.

Top