Спорт | 19:43 / 13.08.2021
11638
6 дақиқада ўқилади

Париж Олимпиадасига тайёргарлик борасидаги вазифалар кўрсатиб ўтилди

Барча спорт мактаблари фаолияти ҳам самарали бўлмаётгани, республика миқёсидаги чемпионатларнинг савияси тушиб кетгани танқид қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 август куни XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашди.

Тадбирда Миллий Олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашди.

Президент Олимпиада совриндорлари бўлган спортчиларнинг ота-оналари ва мураббийларига алоҳида раҳматлар айтди.

«Томирларида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Бобур каби буюк аждодларимизнинг куч-ғайрати жўш уриб турган, уларга ҳар томонлама муносиб бўлган авлодгина бундай улкан ишларга қодир бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатда аёллар спорти ривожланиб бораётгани эътироф этилди. Буни Токио Олимпиадасида 28 нафар спортчи қизлар қатнашганида ҳам кўриш мумкин. Бу Ўзбекистон тарихида рекорд натижадир.

Давлат раҳбари дунё миқёсида шуҳрат қозонган қаҳрамон спортчи Оксана Чусовитина ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. У спорт гимнастикаси бўйича кетма-кет 8 марта Олимпия ўйинларида қатнашган. Бу жаҳон спорти тарихида ноёб ҳодиса бўлиб, Гиннеснинг Рекордлар китобига киритилган. Шу боис унинг иштироки Токио Олимпиадасининг муҳим воқеаларидан бири сифатида эътироф этилди.

«Бундай афсонавий спортчимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг жасорати, иродаси, ғалабага қатъий интилиши ёш спортчилар учун улкан муваффақият ва шон-шараф мактаби бўлиб қолади», – дея таъкидлади президент.

Президент қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича мамлакат тарихида биринчи марта Олимпиадада қатнашган 18 ёшли Зайнаб Дайибекова, оғир атлетика баҳсларининг энг ёш иштирокчиси бўлган 19 ёшли Кумушхон Файзуллаевани ҳам тилга олди.

«Мана, кўриб турибсизлар, Ўзбекистоннинг жасур спортчи қизлари халқаро майдонларга дадил кириб келмоқда. Барчамиз уларга чин қалбдан тасанно айтамиз. Айни вақтда мен спортчи йигитларимизга қараб айтмоқчиман: агар қаттиқ ғайрат қилмасаларингиз, қизларимиз ҳадемай сизлардан ўтиб кетади», дея лутф қилди Шавкат Мирзиёев.

Тадбирда 2024 йилда Парижда бўладиган Олимпия ўйинларига тайёргарлик борасидаги вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилди.

Аввало, спорт менежменти бўйича халқаро компанияни жалб этган ҳолда, соҳанинг ҳар бир бўғинини аудитдан ўтказиш, унинг натижалари асосида жисмоний тарбия ва спортни ҳамда спорт федерациялари бошқарув тизимини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Фақат яккакурашлар билан чекланмасдан, жамоавий спорт турлари бўйича ҳам йўлланмаларни қўлга киритиш муҳимлиги таъкидланди.

Спорт бўйича таълим сифатини яхшилаш, замонавий методика ва амалиётларни жорий этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

«Хориждан легионерлар эмас, етук мутахассисларни ва спортчиларни тайёрлаш методикасини олиб келиш керак», деди президент.

Олимпия захиралари коллежларида қабул квоталарини бутунлай қайта кўриб чиқиш ва уларда таълим тизимини такомиллаштириш бўйича топшириқ берилди.

«Мамлакатимизда 329та спорт мактаби бор. Уларда 13 минг нафардан зиёд мураббийлар ишламоқда, 328 мингдан ортиқ ёшлар спортнинг 30дан ортиқ тури билан шуғулланмоқда. Бироқ бу мактабларнинг ҳаммаси ҳам самарали фаолият кўрсатяпти, деб бўлмайди. Айримларидан бирорта республика чемпиони етишиб чиқмаган.

Шунинг учун 2021 йилдан бошлаб ҳар бир спорт мактабига давлат буюртмаси бериш тизимини жорий этиш, уларда спорт разряди ва унвонларга эга ўғил-қизларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Республика миқёсидаги чемпионатларнинг савияси тушиб кетгани, рақобат камлиги кўрсатиб ўтилди. Жамоавий спорт турлари бўйича ҳудудлардан жамоалар етарлича иштирок этмаяпти. Федерациялар эса чемпионатларни бор-йўғи 4-5та жамоа иштирокида, номига ўтказиш билан чекланмоқда.

Шу боис Туризм ва спорт вазирлигининг тузилмасини ҳамда жамоавий спорт мусобақалари ўтказишни такомиллаштириш бўйича кўрсатма берилди.

Спортчиларнинг жисмоний, тиббий ва психологик ҳолати ҳамда фармакологик таъминотини яхшилаш, бунда илғор хорижий тажриба билан бирга, илмий ёндашув ва халқ табобатини қўллаш муҳимлиги таъкидланди. Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, у ерда спорт психологияси ва диетологияси бўлимларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорларини ҳамда уларнинг мураббийларини рағбатлантириш чора-тадбирлари белгиланди.

Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва чемпионатлар ўтказиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, Олимпия захиралари платформасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 12 августдаги фармонига мувофиқ, Токио шаҳрида бўлиб ўтган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Спортчи ва мураббийлар, ота-оналар сўзга чиқиб, юксак ҳурмат ва эътибор учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди.

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид