Жамият | 10:33 / 14.08.2021
13255
5 дақиқада ўқилади

ССВ болани 7 ёшга тўлмасдан мактабга беришга шошилмасликка чақирди 

Болани 7 ёшга етмасдан мактабга бериш қанчалик тўғри? Бундай ёшда боланинг руҳий ва жисмоний ҳолатида қандай ўзгаришлар кузатилади? Шу каби муҳим саволлар билан ССВ матбуот котиби Фурқат Санаев тиббиёт фанлари доктори, профессор Шоанвар Шомансуровга мурожаат қилди.

—  Нима учун боланинг мактабга чиқиш ёши 7 ёш этиб белгиланган?

—  Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида умумий ўрта таълим ташкилотининг биринчи синфига болалар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши белгиланган. Ваҳоланки, аввал бу рақам 6-7 ёш эди. Ҳозирга келиб эса мактабга чиқиш ёши қатъий 7 ёш этиб белгиланган. Бунинг бир қанча сабаблари бор. 

Аввало, бола ҳаётининг еттинчи йилида ундаги ҳаракатлар кўлами кенгаяди ва аниқлашади, ҳаракатларнинг ўзаро мослашуви бошланади. 6-7 ёшли болалар ўзини идора қилиш ва ўз ҳаракатларини назорат қилиш имкониятига эга бўла бошлайди. Бу даврда боланинг бўйи анча ўсиб, оғирлиги 22-24 килограмм бўлади. 

7 ёшларда бола ҳар томонлама чиниқади, қизиқувчан бўлади. Унинг идрок кучи ва тафаккури жадал ривожланади. Моддий борлиқни билишга интила бошлайди. Уларда гигиеник малакалар шакллана боради.

— Мактаб ёшидаги болада қандай кўникмаларни шакллантириб бориш керак?

— 7 ёшли бола жисмоний машқларни мустақил бажаришга ўрганган бўлиши лозим. Жароҳатланишнинг олдини олиш мақсадида болада эҳтиёткорликни, ўз ҳаракатларини назорат қила олиш кўникмаларини шакллантира бориш керак. Болада чаққонлик, жасурлик, топқирлик хислатларини тарбиялаш айниқса муҳим.

Бола бу ёшида арқонга осилиб туришни, арғимчоқ учишни, қия қўйилган тахта устидан юриб ўтишни, бир оёқда “қалдирғоч” бўлиб туриш каби ҳаракатларни билиши керак. Унга оёқ учлари билан буюмларни қисиб олиб кўтариш ва пастга туширишни, бир жойдан иккинчи жойга кўчиришни ўргатинг. Бу машқлар боланинг асаб тизимини мустаҳкамлашда, уларнинг ақлан ривожланишида катта ёрдам беради.

Бу ёшда унинг нутқини шакллантириш аҳамиятли. Болага қисқа-қисқа қизиқарли саволлар бериб, уни кўпроқ гапириш, сўзда товушлар кетма-кетлигини фарқлаш, товушлардан бўғинлар, сўзлар тузишни ўргатишга аҳамият бериш лозим.

—  Бу жараёнларда болада нуқсонлар кўзга ташланса, қандай йўл тутиш керак?

—  Бу вазиятда ота-оналарга шундай маслаҳат берамиз: агарда бола нутқида бирор нуқсон аниқланса, уни логопедга кўрсатинг. Aгар эслаб қолиш, фикрлаш борасида камчиликлар сезсангиз, невролог кўригидан ўтказинг. 

Чунки мактабга тайёрланиш даврида боланинг асаблари таранглашади, масъулияти кўпайган сайин болаларда диққат тарқоқлиги, ўта серҳаракатлик (гиперактив), ўргатилган нарсаларни тезда эсдан чиқариб юбориш, йиғлоқилик, беихтиёр ҳаракатлар, гапга кирмасдан инжиқлик қилиш каби патологик ўзгаришлар учраши мумкин.

Мактаб ёши боланинг жамиятга мослашувидаги илк катта қадам ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу давр унинг хотирасида салбий из қолдирмаслиги керак. Акс ҳолда келажакда ҳам бунинг таъсиридан чиқиши қийин бўлади.

Болани эрта мактабга бериш эса унинг шундай муҳим даврида қилинган энг катта таваккалдир. Афсуски, баъзи ота-оналар ўз хоҳиш-истаклари билан фарзандларини 6 ёшдан мактабга беришга ҳаракат қилишади. Энг ёмони, бу ҳолат кўпинча болакайнинг мактабга мослаша олмаслиги билан якун топади. Бу эса ўз-ўзидан унда тажанглик, руҳий зўриқиш, таълим олишдан зерикиш, ижтимоий муҳитга мослаша олмаслик каби салбий ҳолатлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. 

Айниқса, бундай пайтда боладаги тез чарчаш, нутқ бузилиши, диққатни жамлашдаги қийинчиликлар яққол юзага чиқади. Шундай экан, ҳар бир ота-она юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар болаларнинг соғлиғи ёмонлашиши ва билим олишга салбий таъсир этишини унутмаслиги даркор. 

Агар ота-оналар чиндан ҳам фарзандларининг келажаги ва соғлиғини ўйласалар, уларни 6 ёшдан мактабга беришга ҳаракат қилмаслиги лозим. Бу билан улар ўзлари ва фарзандлари учун катта яхшилик қилган бўлишади.

Мавзуга оид