Ўзбекистон | 14:11 / 15.08.2021
23566
5 дақиқада ўқилади

Туризм ва спорт вазирлигининг собиқ ходими 5 миллион долларга ер сотмоқчи бўлганда қўлга тушди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан республика бўйлаб ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ кўплаб жиноятлар фош этилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Тошкент вилояти. 16 гектар ер учун 5 миллион доллар

Тошкент шаҳрида яшовчи, 1978 йилда туғилган шахс муқаддам Туризм ва спорт вазирлигида бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган даврида ўзганинг номига масъулияти чекланган жамият ташкил этиб, мазкур МЧЖга 2016 йил Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудидан 16 гектар ер майдони ажратилишига муваффақ бўлади.

Ушбу ер майдони МЧЖга боғ барпо этиш ва ободонлаштириш шарти билан 30 йил муддатга ижарага берилган бўлса-да, МЧЖ томонидан амалда ҳеч қандай иш бажарилмайди. Шу сабаб туман ҳокимлигининг суд идораларига қилган мурожаатидан сўнг, жорий йил июн ойида 16 гектар ер ҳокимлик захирасига қайтарилади.

Шунга қарамай, МЧЖнинг юқорида қайд этилган норасмий раҳбари (собиқ вазирлик ходими) 1965 йилда туғилган муқаддам судланган жиноий шериги билан биргаликда ушбу ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 5 миллион доллар сўрайди.

ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси, ички ишлар бош бошқармаси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгар кимсалар олдиндан 200 минг АҚШ доллар олган вақтда ашёвий далил билан ушланади.

Самарқанд. 1 гектар ер учун 200 минг доллар

Самарқанд шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган хусусий тадбиркор адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи қариндоши билан келишган ҳолда Паст Дарғом туманининг Дўстлик массиви ҳудудида иссиқхона қуриш учун ўзининг номига ажратилган 1 гектар ер майдонини ҳокимият идораларидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 200 минг АҚШ доллари сўрайди. ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пулдан 190 минг долларини олган вақтда ушланган.

Фарғона. 60 сотих ер учун 100 минг доллар

ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида Риштон туманида яшовчи, 1972 йилда туғилган фуқаро 60 сотих ер майдонини ноқонуний равишда 100 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Аниқланишича, мазкур ер майдони 2016 йил Риштон тумани ҳокимининг қарорига асосан фермер хўжаликларидан бирига боғдорчилик ташкил этиш учун ажратиб берилган.

Сурхондарё. 4 минг гектар ер ижараси учун 40 минг доллар

Сурхондарё вилоятидаги Боботоғ давлат ўрмон хўжалигининг мансабдор шахсларидан бири икки нафар хорижий тадбиркорга мазкур хўжаликнинг коврак ва писта етиштириладиган 4 минг гектар ер майдонини ижара асосида фойдаланиш учун ажратиб бериш эвазига улардан 40 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 20 минг долларини олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ушланган.

Аниқланишича, мазкур мансабдор шахс ушбу ер майдонини ижарага бериш учун зарур бўладиган ҳужжатларни республика Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидаги танишлари орқали расмийлаштиришни режа қилган.

Андижон. 2,3 гектар учун 20 минг доллар

«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятининг Андижон шаҳар филиали собиқ мутахассиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога балиқчилик хўжалиги ташкил этиш учун Андижон тумани ҳудудидан 2,3 гектар ер майдони ажратилишига ёрдам бериш эвазига 20 минг АҚШ доллари сўрайди.

У сўралган пулдан 18 600 АҚШ долларини олган вақтида ДХХнинг Андижон вилояти бошқармаси ҳамда Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у мазкур пул маблағини Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармасининг собиқ мутахассисига бериши кераклиги маълум бўлади ва тезкор тадбир давом эттирилиб, у ҳам 18 600 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Бухоро. 20 сотих ер учун 8 минг доллар

Бухоро туманида яшовчи, 1976 йилда туғилган фуқаро алдов йўли билан ўзганинг ишончига кириб, унга туман ҳокимлигидаги танишлари орқали 20 сотих ер майдони олиб беришини айтади ва хизмати эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилади. ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу фуқаро сўралган пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ матбуот хизмати

Мавзуга оид