Ўзбекистон | 13:19 / 17.08.2021
1756
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда фуқаролардан қарийб 700 миллион сўмни қўлга киритган фирибгарларга ҳукм ўқилди

Хоразм вилоят судида фуқароларни ўқишга киритишга ваъда бериб, фирибгарлик йўли билан пул ундирган шахсларга ҳукм ўқилди.

1996 йилда Янгиариқ туманида туғилган, ўрта-махсус маълумотга эга, муқаддам судланган Ҳ.С. ва 1994 йилда Қўшкўпир туманида туғилган, олий маълумотли, муқаддам судланмаган О.И. биргаликда олий таълим муассасаларига имтиҳондан ўта олмаган фуқароларни оширилган шартнома асосида ўқишга киритишга ваъда бериб, фирибгарлик йўли билан пул ундириб келган.

Судланувчи Ҳ.С ва О.И. шерикчилигидаги қилмиши 2019 йил сентябрь ойида бошланган. Улар фуқаро М.Ў. билан УрДУ биноси олдида учрашиб, унинг ишончига кириб, қизини суперконтракт асосида ўқишга киритишини айтиб, 2 минг АҚШ доллари ва 3 млн 175 минг сўм пулини фирибгарлик йўли билан олишган. 

Шу тариқа фирибгарлар умумий ҳисобда 20 фуқарони алдаб, ўқишга киритишига ишонтириб, жами 700 миллион сўмга яқин пулларини қўлга киритишган.

Суд Ҳ.С.ни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» ва «б» бандлари билан айбдор деб топиб, 6 йил ҳамда О.И.ни ҳам айнан шу моддалар билан айбдор деб топиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. 

Фуқароларга етказилган моддий зарар маҳкумлардан ундирилиши белгиланди.

Мавзуга оид