Жамият | 22:51 / 18.08.2021
99024
4 дақиқада ўқилади

Қаршида спортчининг ўлдирилиши: Зўравонлар уни кўп қаватли уй олдида пойлаб туришган

Қарши шаҳрида вилоятда таниқли спортчи Элбек Раҳимовнинг бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланиши тасвирланган видеотасвир, кейинроқ унинг мурдаси топилгани ҳақидаги хабар тарқалди.

Kun.uz мухбирлари воқеа юз берган жойда бўлишди ва воқеа гувоҳлари билан суҳбатлашишди.

Маълум бўлишича, воқеа Қарши шаҳрининг қоқ марказида жойлашган «Чўлқувар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида содир бўлган. Ўша ердаги кўп қаватли уйга танишиникига келгани айтилаётган Элбек Раҳимовни бир гуруҳ йигитлар ташқарида кутиб олишган ва калтаклай бошлашган.

Элбек таъқибчиларидан йўлга қочиб чиққан, бироқ йигитлар унга етиб олиб, пичоқ ёрдамида оғир тан жароҳати етказиб, давлат рақамлари ечиб олинган қора тусли «Chevrolet Gentra» автомашинасига мажбурлаб ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетишган.

Ушбу тасвир дўконлардан бирининг пештоқига ўрнатилган видеокамера орқали ёзиб олинган. Ўша тасвирлар интернетда тарқалган.

Воқеа гувоҳларидан бири, ўша ердаги гўзаллик салонида ишловчи Ш. исмли қиз воқеа 17 август куни эрталаб соат 9:40лар атрофида содир бўлгани, Элбек Раҳимовга қандай ташланишганини ўз кўзи билан кўргани, бироқ ёрдам қилишга жазм эта олмагани, 102 рақамига бир неча бор қўнғироқ қилиб, ички ишлар бўлимига воқеани хабар қилгани, фақат орадан камида 20 дақиқа ўтиб ички ишлар бўлими ходимлари етиб келишганини айтиб ўтди.

Машъум воқеа куппа-кундузи 40 чоғли одамнинг кўз ўнгида содир бўлганига қарамасдан, фуқаролар фақат томошабин бўлиб туришган.

Шу ерда ишловчи Ҳулкар Жалилованинг бошқаларга таяниб айтишича, зўравонлар машинани сал нарироқдаги маҳаллагача ҳайдаб бориб, Э.Раҳимовни машина салонидан чиқариб, унинг юкхонасига солишган ва йўлда давом этишган.

Ҳулкар Жалилова

Энг ҳайратланарлиси, жанжал «Чўлқувар» маҳалла фуқаролар йиғини биноси жойлашган бинода, маҳалла профилактика инспектори Учқун Холлиевнинг хизмат уйи олдида бошланган.

«Чўлқувар» маҳалласи раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Мўътабар Азизованинг айтишича, у шу куни шу соатда маҳалла раиси бир можароли масалани ҳал қилиш учун воқеа жойига чиқиб кетган бўлган. М.Азизова иш жойида бўлган. Шовқин-суронни эшитгач, Миллий гвардия ходимлари ўрнатган «шошилинч чақирув» тугмасини босган. Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари 15 дақиқага қолмасдан воқеа жойига етиб келган.

Мўътабар Азизова, «Чўлқувар» маҳалласи раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари

Воқеа жойида прокуратура, ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари оператив суриштирув ва қидирув ишларини амалга ошираётганига гувоҳ бўлдик.

Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, Э.Раҳимовга оғир тан жароҳатлари етказган бир гуруҳ шахслар спортчини воқеа жойидан 85 км наридаги Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси ҳудудига ташлаб кетишган.

Оқибатда, Элёр Раҳимов кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан шу куни шифохонада вафот этган.

Мазкур жиноятни фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор қидирув-суриштирув тадбирлари натижасида шу куннинг ўзида Қарши шаҳри ва Қарши туманида яшовчи жиноятга алоқадор фуқаролар — Ш.Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш.З. ва Э.А. ушланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокурори томонидан жами етти нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л», «п» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Ш.Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш.З. ва Э.А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ҳамда ҳимоячи билан таъминланиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида қамоққа олинган.

19 август куни Қашқадарё вилоят прокуратурасида мазкур воқеа юзасидан матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумотларни Kun.uz’да кузатинг.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид