Келди, кулди, умид берди: Катанец Ўзбекистонда (тўлиқ репортаж)
Ўзбекистон миллий жамоасининг янги бош мураббийи Сречко Катанец якуний музокаралар ўтказиш ва шартнома имзолаш учун Тошкентга учиб келди.
Kun.uz словениялик мураббийни кутиб олиш учун Тошкент халқаро аэропортига борди ва мутахассиснинг фикрлари билан қизиқди.
«Таклифни ўйлаб кўриш учун етарлича вақтим бўлди ва уни қабул қилиш жуда осон кечди. Ўзбекистонда эканимдан хурсандман. Умид қиламанки, керакли натижаларга эриша оламиз.
Имкониятларимиз? Шошманг, мени энди таклиф қилишди. Яхши ишлай оламиз, деган умиддаман. Ҳозирча шуларни айта оламан, холос. Аввало, ишни бошлаб олишимиз керак. Жаҳон чемпионати анча узоқда, олдимизда Осиё Кубоги бор.
Ўзбекистонда жуда кўп кучли футболчилар бор. Миллий жамоада ҳар куни нимадир ўзгариши мумкин. Аввалдан ўзбек футболи деганда ҳурмат қилишга арзийдиган, кучли футболчиларга бой жамоани хаёлимга келтираман.
Шомуродов? Албатта, уни биламан. Ҳар куни газеталар ўқийман. Италияда ўйнаганман ва итальян футболини диққат билан кузатаман. Элдор «Рома»га ўтганидан хабарим бор. У ерда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлади, деб умид қиламан. У Ўзбекистон миллий жамоасига ёрдам бериши керак. Элдордан кўп нарса кутамиз, чунки у энди топ-жамоада. У Моуриньо билан ишлайди. Бу — мен ва миллий жамоа учун ҳам муҳим жиҳат.
Ўйинчилар миллий жамоа йиғинига келиши ва фақат футболни ўйлаши керак. Мен уларга назарий, тактик томондан барчасини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Йигитлар эса футбол ўйнаб беришлари керак. Футболчиларнинг кучли клубларга ўтиши миллий жамоа учун фойдали.
Ҳужумкор футбол? Бу нимани англатади? Жаҳон футболини кузатсангиз, Италия сўнгги Европа чемпионатини ютди ва улар ҳам ҳимояни биринчи ўринга қўяди. Ҳимоясиз ҳаракатлар нолга тенг», — дейди Катанец.
ЎФА медиа бўлими раҳбари, журналист Даврон Файзиев Катанец номзоди маъқуллангани сабабини айтди.
«Вадим Абрамов истеъфога чиқарилгач, миллий жамоа бош мураббийлигига номзодлар рўйхатини туздик. Табиийки, номзодлар ичида Осиё футболини биладиган ва миллий жамоалар билан ишлаган Сречко Катанец ҳам бор эди. У билан оғзаки келишувга эришилган, энди расман шартнома имзолаш қолди.
Катанецнинг ижобий томонлари — миллий жамоалар билан яхши натижаларга эришгани. Ироқни юқори даражага олиб чиқди, Словениянинг жаҳон ва Европа чемпионатларидаги иштироки унинг номи билан боғлиқ. Шунингдек, у ўзбек футболига ҳам қизиқиш билдирди. Бу қизиқиш фақат моддий томондан эмас.
Турли тажрибалардан ўтдик. Ўйлашимча, Эктор Купердан фарқли тарзда Катанецга кўпроқ вақт берилади. Ҳимоявий ўйинга келсак, Сречко Ироқда ишлаганида футболчиларнинг даражасидан келиб чиқиб шунга мажбур бўлган. Эҳтимол, Ўзбекистон миллий жамоасида услубини бироз ўзгартириши мумкин. Лекин шахсан мен ҳимояни яхшилаш тарафдориман. Чунки муҳим баҳсларда айнан ҳимоямиз панд берди», — дейди Файзиев.
Хорижлик мураббийни кутиб олишга мухлислар ҳам аэропортга келишганди. Фан клуб аъзоларидан бири Жавоҳир Шокиров Катанецга кўпроқ вақт бериш кераклигини таъкидлади.
«Кўпчилик Карлуш Кейрушни кутганди. Лекин асосий масала бунда эмас. Ким келса ҳам, имкон бериш керак. Купер билан бўлгани каби шошмашошарликка йўл қўймаслик зарур.
Катанец ҳужумкор услубда ўйнамайди, дейишяпти. Шунча йил ҳужумкор ўйнаб, нимани қойиллатдик? Ундан кўра ҳимоямиз яхшиланганида Саудия Арабистони (0:3) билан дуранг ўйнаб, ЖЧ саралашининг ҳал қилувчи босқичига чиққан бўлардик. Ҳимоявий ўйнасак ҳам, мундиалга чиқишни ва Германия, Нидерландия каби жамоалар билан ўйинларда Ўзбекистон байроғини ҳилпиратишни хоҳлаймиз», — дейди мухлис.
Мураббий уни аэропортдаёқ кутиб олишганидан хурсанд бўлди. ОАВ вакиллари билан ҳам самимий, кулиб гаплашди. Мураббийнинг хотиржам табассуми эса ўзбек футболи мухлисларига яна умид бағишлади. Қисқаси, Катанец ишни бошлаб юборди.
Мухбир — Аъзамжон Иззатиллаев,
Тасвирчи ва монтаж устаси — Маҳмуд Солиев,
Суратлар муаллифи — Ҳасан Пирмуҳаммедов
Мавзуга оид
17:05 / 15.11.2024
«166 дақиқа». Катанецнинг энг катта хатоси ҳақида
23:32 / 14.11.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон 90+12-дақиқада гол ўтказиб, Қатарда мағлубиятга учради
17:51 / 14.11.2024
Осиё кубогидаги аламли мағлубият учун реванш олинадими? Қатар – Ўзбекистон ўйини олдидан
11:16 / 14.11.2024