Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаҳон чемпионатидан қайтган Ўзбекистон миллий жамоаси тантанали кутиб олинди
1 июль куни Тошкент халқаро аэропортида жаҳон чемпионатидан қайтган Ўзбекистон миллий жамоаси футболчиларини тантанали кутиб олиш тадбири ўтказилди.
Маросимда бош вазир Абдулла Арипов, ДХХ раиси ва ЎФА президенти Баҳодир Қурбонов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ва бошқа расмийлар, футболчиларнинг яқинлари, ёшлар, футбол фахрийлари ва мухлислари, санъаткорлар иштирок этди.



Тадбирда президент Шавкат Мирзиёевнинг миллий жамоанинг натижалари ҳақидаги сўзлари ва футболчиларни қўллаб-қувватлаш чақириғи видеоси намойиш этилди.
Давлат раҳбари футболчилар муҳим тажриба орттиргани, айбдорларни қидириш ва ортиқча ҳис-туйғулар билан эътироз билдириш эса «халқимизга хос иш эмаслигини», катта ғалабалар ҳали олдинда эканини айтганди. Йиғилганлар давлат раҳбари сўзларини қўллаб-қувватлаб, дебют чемпионатдаги иштирок муҳим бўлганини таъкидлади.

Бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиқиб, миллий жамоа номдор рақибларга қарши «жасорат билан курашганини» айтди ва футболчиларни «диван экспертлари»ни кечиришга чақирди. «Улар сизларнинг машҳурлигингиз эвазига лайклар тўпламоқчи», деди Арипов миллий жамоани ижтимоий тармоқларда танқид қилганларни назарда тутиб.


«Сизлар ФИФА рейтингида 5-ўринда турган Португалия, 13-ўринда турган Колумбия ва кўплаб футболчилари Европа ва жаҳоннинг етакчи клубларида тўп сурадиган Конго миллий жамоаларига қарши мардонавор курашдингиз. Ҳар бир ҳужум, ҳар бир ҳимоя, ҳар бир зарба ва ҳар бир кураш лаҳзаси халқимизга ҳаяжон, умид ва фахр бағишлади», деди у.
Тадбирда миллий жамоа футболчилари ҳам сўзга чиқиб, жаҳон чемпионати катта тажриба майдони бўлганини, келгусида бундан яхшироқ натижалар қайд этиш учун бор кучини сарфлашини таъкидладилар.

Маросимда бош мураббий Фабио Каннаваро иштирок этмади. У миллий жамоанинг жаҳон чемпионатидаги иштироки якунлангач, дам олиш учун ватани Италияга қайтиб кетишини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатида Колумбияга 1:3, Португалияга 0:5, Конго ДР га 1:3 ҳисобида ютқазди ва гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг иккала голи Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов ҳисобига ёзилди. Миллий жамоа умумий ҳисобда 48 та терма жамоа ичида 46-ўринни эгаллади.









