Жамият | 15:59 / 19.08.2021
10455
7 дақиқада ўқилади

Таълим-тарбияда эришилган ютуқлар билан чегараланиб бўлмайди

Фарғона вилоятида ҳозирги кунда жами 971 та таълим муассасалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шундан 948 таси умумтаълим мактаблари (жумладан, 10 та махсус мактаб, 66 та ихтисослаштирилган мактаб ва интернатлар), иккита Меҳрибонлик уйи, 20 та “Баркамол авлод” болалар мактаблари ҳамда битта вилоят ахборот ресурс маркази ҳисобланади.

Бугун Ўзбекистон ҳар бир соҳада жаҳонга юз тутмоқда. Ривожланишда бардавом миллатимизнинг таянчи бўлган устозлар фаолиятида ҳам кўзга кўринарли даражада ўзгаришлар амалга оширилди.

Хусусан, Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси тизимида фаолият олиб бораётган жами 50595 нафар педагог таркибини таҳлил қилганимизда сўнгги бир йилда олий тоифали ўқитувчилар салмоғи 6,5 фоизга, биринчи малака тоифага эга ўқитувчилар 18,2 фоизга кўтарилди. Ўтган йилда иккинчи тоифали педагог ходимлар 30 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилда 28,6 фоизни ташкил қилди. Тоифасиз ходимлар 41 фоиздан 37,1 фоизга туширилди.

Замон талаби, ҳар бир киши учун юксалишнинг бир қадами бўлган инглиз тили фанининг C1 билиш даражасига эга ўқитувчилар сони 8 нафардан 24 нафарга етди. Юқоридаги кўрсаткичлардан маълум бўладики, вилоятимиз таълим тизими ҳам ўсиш ва ривожланишда давом этмоқда.

2019-2020 ўқув йилида жами 47553 нафар 11-синф битирувчиларининг олий таълимга кириш кўрсаткичи 16 фоизни ташкил этганди. 2020-2021 ўқув йилида битирувчиларнинг 20 фоизи олий таълим муассасасига кириши кўзда тутилмоқда. Улардан 187 нафари муддатидан олдин талабаликка эришди. Бир нафар ўқувчи 14 та хориж давлатларидаги университетларда таҳсил олиши мумкин бўлган баллни тўплади.

Миллатнинг умиди, эртаси ва ишончи бўлган ёш авлодга эътибор келажак пойдеворининг мустаҳкамланишига имкон яратади. Шу муносабат билан юртимизда янги 2021-2022 ўқув йилига умумтаълим мактабларини тайёрлаш жараёни изчиллик билан олиб борилмоқда. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик тўйини тантанали нишонлаш ва таълим тизимини ривожлантириш мақсадида вилоят миқёсида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. 2021 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари асосида жами 75 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган бўлиб, унга 286,4 млрд сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган. Шундай синовли даврларда таълим учун берилаётган бу каби эътибор барчамизни қувонтиради.  Бунга қўшимча тарзда умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан вилоятимиздаги 820 та ўқув биносини таъмирлаш учун 96,2 млрд сўм маблағ ажратилди. Рақамлар бераётган очиқ маълумотлардан аён бўладики, бугунги кунда таълим тизимининг ривожланиши учун барча имкониятлардан фойдаланилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ёш авлодга эътибор – келажакка эътибор эканлиги ўз исботини топмоқда.

Бугунги техника асрида рақамли технологияларнинг ўрни беқиёс. Бу соҳанинг ҳам ривожи учун алоҳида эътибор бериляпти. Ҳозирги вақтда тизимдаги 948 та таълим муассасасининг 947 таси юқори тезликда ишлайдиган интернет тармоғига уланган.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида uzbekcodrs.uz порталидан рўйхатдан ўтган 43146 нафар ўқувчилардан 25685 нафари битирув сертификатини олди. Жорий йил якунига қадар 16546 нафар ўқувчини IТ-технологияларига онлайн ўқитиш режалаштирилган.

“One Million Uzbek Coders” лойиҳаси доирасида uzbekcodrs.uz платформаси орқали умумтаълим мактаблари информатика фани ўқитувчилари ўртасида танлов ўтказилганди. Мазкур танлов натижаларига кўра ТОП-100 нафар ўқитувчилар рўйхати шакллантирилди. ТОП-100 рўйхатига кирган ўқитувчилар орасида Фарғона вилоятидан 13 нафар информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари борлиги барчамизни қувонтиради.

Айни вақтда “Электрон кундалик” тизими 780 та мактабда фаол ишламоқда. Йил якунига қадар қолган 168 та мактабда ҳам жорий этилиши режалаштирилган.

Юқоридаги келтирилган маълумотларни Фарғона вилояти халқ таълими тасарруфидаги 1-аниқ ва ижтимоий фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати (1959 йилда ташкил топган) мисолида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар таҳлилини келтириб ўтсак. Мактаб-интернатида 2019 йилги инвестиция давлат дастури асосида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди ва давлат бюджетидан 1 млрд 8 млн сўм маблағ сарфланди. Мактаб-интернатининг 1 ва 2 ўқув биноси, фаоллар зали, спорт заллари қайта тайёрланиб, янги замонавий қиёфа кашф этди.

Мазкур муассасада 574 нафар ўқувчиларга 49 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бермоқда. Сўнгги 3 йил мобайнида ўқитувчиларнинг тоифа кўрсаткичи 74 фоизга кўтарилди. Шундан 19 нафари (40,4 фоиз) олий тоифали, 16 нафари (34 фоиз) биринчи тоифали ўқитувчиларни ташкил этади.

2017-2018 ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни олий таълимга узлуксиз тайёрлаб бориш мақсадида муассасада “Абитуриент штаби” ташкил этилди ва бу лойиҳа сўнгги 5 йил давомида битирувчиларнинг 86 фоизини олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи билан ўз натижасини берди. Битирувчиларимизнинг 7 нафари жаҳоннинг ТОП-100 талик рўйхатига кирувчи, 22 нафари хорижий давлат олий таълим муассасаларида, 30 нафари юртимиздаги олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида таълим олмоқдалар.

Сўнгги 3 йилда мактаб-интернати 8-синф ўқувчиси Жавоҳир Шокиров информатика, 9-синф ўқувчиси Илҳомжон Раҳимов физика, 9-синф ўқувчиси Ҳумоюн Маъмиралиев математика фанларидан иқтидорли ўқувчиларнинг “Инновацион  олимпиадаси” республика танловида совриндорлар қаторидан жой олди.

2020 йилда математика, физика ва информатика фанларидан Қозоғистон Республикаси Алмати шаҳрида ўтказилган халқаро олимпиадада мактаб-интернати 11-А синф ўқувчиси Илҳомжон Раҳимов ҳам муваффақиятли иштирок этди.

Муассасанинг педагог-мураббийларидан 4 нафари вилоятимизда ва соҳа бўйича республикада ўтказилган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши психологи” кўрик-танловларида қатнашиб, совриндорлар қаторидан жой олди.

Айтиш мумкинки, Фарғона вилояти халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар ёки ўқувчилар бошқа соҳаларда ҳам, хусусан, халқаро фан олимпиадалари, спорт, маданият соҳасида ҳам етакчи ўринларда бормоқда. Бироқ эришилган ютуқлар билан айниқса, таълим соҳасида кифояланиб қолиш нотўғри. Шу сабабли тизимда ўзига хос дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, режалаштирилган мақсад ва марраларимиз бор.

Озодахон РАҲМОНОВА,
Фарғона вилояти 1-ИДУМИ директори

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид