Ўзбекистон | 15:20
3929
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. У синф раҳбари томонидан калтаклангани айтилмоқда

Булунғур туманида 12 ёшли мактаб ўқувчисининг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Боланинг яқинлари унинг ўлимига мактабда қўлланган жисмоний жазо сабаб бўлганини айтмоқда.

Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 22-мактабнинг 6-синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилган. Воқеа жорий йил 5 март куни рўй берган, дея хабар берди “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов.

Бўйнига сиртмоқ солинган ҳолда топилган 12 ёшли Диёрбек Акбаровнинг ўлими бўйича ўтказилган суд-тиббий экспертиза унинг бўғилиш оқибатида вафот этганини кўрсатган. Экспертиза хулосасида боланинг танасида қаттиқ жисм таъсирида етказилган жароҳатлар ҳам қайд этилган.

Таъкидланишича, кейинги суриштирувларда бу жароҳатлар синф раҳбари (аёл) томонидан ёғоч рейка билан уриш натижасида келиб чиққан бўлиши мумкинлиги ойдинлашган.

Инсон ҳуқуқлари фаолига кўра, ўқувчи синфдош қизга ҳазиллашгани учун ўқитувчи томонидан жазоланган. Шундан кейин у руҳий тушкун ҳолатда уйига қайтган ва кўп ўтмай ўз жонига қасд қилган. Ҳуқуқ ҳимоячиси бола ҳодиса вақтида ҳам мактаб формасида бўлганини қайд этган.

Марҳумнинг онаси Зарифа Шодмонованинг айтишича, у ҳодисадан кейин бир неча ой давомида турли давлат идораларига мурожаат қилган. Булунғур тумани прокуратурасининг 3 июн кунги хатидан маълум бўлишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми “б” банди, яъни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Онасига кўра, ҳозирга қадар у жабрланувчи сифатида сўроқ қилинмаган ва иш бўйича гумонланувчилар ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Ҳозирча Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирмаган.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид