Ўзбекистон | 12:30 / 19.08.2021
14620
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда валюта айрибошлаш шохобчасидаги 32 500 доллар талон-торож қилинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сергели туман бўлими томонидан “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Қайд этилишича, текширув давомида банкнинг Сергели филиали қошидаги “Ўзгариш банк хизматлари маркази” назоратчи-кассири ва бош мутахассиси жорий йилнинг 14-17 июль кунлари марказнинг валюта айрибошлаш шохобчасидан ўзларига ишониб топширилган 32 500 АҚШ долларини олишга эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.

Шунингдек, назоратчи-кассир ўзлаштирган маблағларининг бир қисмини “Lacetti” русумли автотранспорт воситасини сотиб олиш ҳамда яшаш хонадонини таъмирлаш ишларига сарфлаб, жиноий фаолиятдан олинган даромадларини легаллаштиргани айтилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид