Табиийки, Ромелу жуда иқтидорли футболчи, айни пайтда жаҳонда энг яхши беш «тўққизлик»дан бири. Табиийки, АПЛда шаклланган футболчи учун яна у ерда ўйнаш муаммо туғдирмайди, маълум миқдорда голларини уради, унинг майдонда йўқолиб қолишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Лекин у «Челси»ни айнан тўқсон етти миллион фунтлик даражада кучайтира оладими?
Ҳамма гап Томас Тухелнинг ўйин услубида, билмадим, мен ҳеч қачон Лукакуни айнан «тухелбоп» футболчи демаган бўлардим. Конте учун ҳа, италиялик мураббийнинг ўйин услуби ҳам, схемаси ҳам айнан Лукаку деган футболчининг устунлиги-ю камчиликлари устига қурилгандек. Бекорга «Челси»да ҳам, кейин «Интер»да ҳам Конте айнан Лукакудан бошқасини истамаслигини айтиб келмаган. Бироз пала-партиш, лекин тезкор, ўтиш фазаларига урғу бериладиган, очиқ зоналар пайдо қилиш бутун жамоанинг мақсади бўладиган Конте футболида бельгиялик ҳужумчи «сувга тушган балиқдек бўлиб қолиши» сир эмас энди. Аммо Тухел бироз академик, статист мураббий, унинг учун футбол Контедан фарқли равишда кураш эмас, ўйин. Урғу ҳам худди бошқа замонавий немис мураббийлари (Клоппдан бошқа) сингари, тўпни, ўйинни, зоналарни режали, кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда назорат қилишга берилади. «Сен бу ерда турасан, сен мана бу ерни тўлдирасан, фалонта узатишдан кейин, тўп сенга етиб келади, шу пайтда мана бу ишни қиласан» – бу шароитда Лукакуни тасаввур қила оласизми? Мен, йўқ.
Албатта, Тухелдан ақлли эмасмиз, тўғрими, биз ўйлаган тўғри ёки нотўғри нарсалар унинг ҳам хаёлидан кечиши шубҳасиз. Ахир у ҳолда нега мураббий Лукаку учун мана шунча миллион фунт сарфлашга рози бўлади? Ахир бундай трансферлар юз фоизлик ишонч билан амалга оширилмайдими? Менимча, йўқ.

Келинг, бироз тасаввур қиламиз. Мана, «Челси» февралда мураббий алмашгандан сўнг, Англияда энг яхши футболни намойиш қилди, Чемпионлар Лигасини ютди, яъни Европада ҳам энг яхши жамоа бўлди. Табиий равишда, янги мавсумда лондонликлар барча турнирларда асосий фаворитлардан бири бўлиши керак. Энди савол туғилади, мана шундай топ ўлчамларга ўтсак, жамоанинг трансфер ёрдамида ҳал қилиши лозим бўлган асосий муаммоси нима эди?
Дарвозабон ҳал, ҳимояда беш нафар марказий ҳимоячидан ташқари, ҳар икки қанотда тенг кучли иккитадан ҳимоячи бор, марказ ҳам, ҳужумкор вингерлар ҳам етарли. «Челси»га етишмаган ягона мурват мунтазам голлар уриши керак бўлган, яъни айнан голларга жавоб берадиган ҳужумчининг йўқлиги эди. Ҳавертц ҳам, Зиёш ёки Пулишич ҳам одатда анча сермаҳсул футболчи бўлишса-да, ҳеч қачон бунга жавобгар бўлишмаган, бошқача сўз билан айтганда, ҳеч ким уларнинг нечта ўйиндан бери гол урмаётганини ҳисобламаган ҳеч қачон. Абраҳам, барибир, бу босимда ўйнай олмади, Вернерга ҳам нимадир бўлди – ҳужумчи шарт.















