Иқтисодиёт | 10:34 / 22.08.2021
16899
5 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Устюртдаги табиий газ қазиб чиқарилиши, бурғилаш ишлари ва газ қувури лойиҳаларининг бугунги ҳолатини ўрганди (Фото)

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасидаги конларда олиб борилаётган ишлар ва газ қувури лойиҳалари ижроси ҳолатини ўрганиш ишларини давом эттирмоқда.

Ўрганиш ишлари давомида Бошқарув раиси бошчилигида “Ишчи гуруҳ” томонидан геологик-излов қидирув дастурига асосан “Сурсуар” конидаги 2- сонли излов-қидирув қудуғида олиб борилаётган бурғилаш ишлари ўрганиб чиқилди.

Ушбу майдон 3D сейсмик-қидирув ишлари натижасида аниқланган бўлиб, унинг ўлчамлари 7,0 х 1,1 км.ни, истиқболли майдони эса 10,5 кв.км ҳудудни эгаллайди. “Ишчи гуруҳ” аъзолари майдонда амалга оширилаётган барча ишлар билан яқиндан танишди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Сурсуар” майдонининг истиқболларини баҳолаш ҳамда углеводород ресурсларини ўзлаштириш мақсадида янги излов қудуғи 4200 метр лойиҳавий чуқурликка бурғилаш ишлари бошланиб, айнан маҳаллий мутахассисларнинг ўзларигина фаолият олиб боришига қарамай, ҳозирда 2650 метр чуқурликда бурғилаш ишлари олиб борилмоқда.

Бурғилаш ишлари ҳолатини ўрганган Бошқарув раиси бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари томонидан мазкур қудуқда амалга оширилиши белгиланган барча ишларни ўз вақтида якунлаш бўйича тегишли департамент раҳбарларига топшириқлар берилди.

Ўз навбатида, “2017–2021 йилларда углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш дастури” доирасида “Арслон” Газни комплекс тозалаш қурилмасида тайёрланаётган табиий газни “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли магистраль газ қувурларига етказиб бериш бир маромида бўлишини таъминлаш мақсадида мавжуд газ узатиш қувурига қўшимча тарзда қурилаётган диаметри Ø530 мм бўлган 17 км узунликдаги газ қувурининг қурилиш жараёни назорат қилинди.

Газ қувурининг қурилиш-монтаж ишларини тез фурсатларда якунлаб ишга тушириш ҳамда ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитларни яхшилаш бўйича бошқарма раҳбариятига кўрсатмалар берилди.

Бошқарув раиси И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиалида таълим олган, 5 йилдан буён оддий бурғиловчи бўлиб ишлаётган Олим Оразбаев билан яқиндан суҳбатда бўлиб, ишчи-ходимлар учун яратилган шароит ва ҳақиқий ҳолат юзасидан суҳбатлашди ва эсдалик учун суратга тушишди.

Жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан излов-қидирув ва ишлатиш қудуқлари қурилиши учун зарур бўлган мустаҳкамлаш ҳамда насос-компрессор қувурларини харид қилиш бўйича “ТМК” (Россия), “ЧТПЗ” (Россия) ва “Интерпайп” (Украина) заводлари билан шартномалар тузган бўлиб, бугунги кунгача Устюрт ҳудудидаги қудуқлар қурилиши учун 5900 тонна мустаҳкамлаш қувурлари ва 726 тонна (тўлиқ ҳажмда) насос-компрессор қувурлари етказиб берилди. Бугунги кунгача ҳудудда 15 та қудуқлар қурилиши учун турли диаметрдаги мустаҳкамлаш ва насос-компрессор қувурлари ажратилди.

Моддий-техник ресурслар тўғридан тўғри ишлаб чиқарувчилардан харид қилиб олинаётгани сабабли унинг таннархи сезиларли даражада арзон нархларда келтирилмоқда.

Шунингдек, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси Марказий омборхонаси ва унинг бугунги ҳолати, омборхонада қудуқларни бурғилаш ва ишга тушириш ишларининг белгиланган режа-графиклар асосида ўз вақтида бажарилишини таъминлашда муҳим бўлган материал-техник ресурслар, яъни қудуқларни жиҳозлашда ишлатиладиган махсус НКТ қувурлари, қувур арматуралари ҳамда қудуқларнинг шлейф қувурлари, газ узатиш тизими учун зарур бўлган турли ўлчамдаги қувурлар таъминоти ўрганиб чиқилди. Таъкидлаш керакки, моддий-техник ресурслар Устюрт регионидаги геологик техник тадбирларни 2022 йилнинг май ойига қадар тўлиқ таъминлаш учун етарли қилиб қўйилган.

Бурғилашдан ишга туширилаётган қудуқлар ва конлардан газни комплекс тайёрлаш қурилмаларигача газ узатиш тизимида режалаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш учун зарур материал-техник ресурслар, қувур арматуралари ва қувурларни харид қилиш ҳамда етказиб бериш учун масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, ўрганиш ишлари давомида Бошқарма раҳбарияти ва тегишли мутахассисларга геолого-техник чора-тадбирларни ўз вақтида бажариб ишга тушириш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли бошқармалар ички имкониятидан фойдаланиш зарурлиги ва лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид