Жаҳон | 18:43 / 22.08.2021
27884
2 дақиқада ўқилади

Толиблар Панжшердаги қаршилик кучларига таслим бўлиш учун 4 соат муҳлат берди

“Толибон” ҳаракати Панжшердаги қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъудга таслим бўлиш учун 4 соат муҳлат берди. Бу ҳақда Al-Arabiya телеканали хабар берди.  

Фото: Sidiqullah Khan/AP

“Толибон” ҳаракати Аҳмад Масъудга Панжшер водийсини топшириш учун 4 соат муҳлат берди. Ҳаракат Масъуд ва Амрулла Солиҳ қолаётган Панжшерни босиб олишга тайёрлигини айтди”, деб келтирилган телеканал баёнотида.

Толиблар тарқатган видеода улар Панжшер томон ҳаракатланаётгани, Солиҳ ва Масъуд вилоят устидан назоратни 4 соат ичида топширишини, йўқса, толиблар билан жангга тайёр туриши кераклигини айтишган.

Ўз навбатида, қаршилик кучлари етакчиси Аҳмад Масъуд “Аш-Шарқ ал-Авсат” нашрига берган интервьюсида толиблар билан ҳам музокараларга, ҳам “охиригача курашиш”га тайёрлигини айтган. 

“Биз толиблар билан инклюзив ҳукуматда иштирок этишга тайёрмиз. Бироқ экстремизмга қаратилган ҳукуматни шакллантиришга йўл қўйиб бўлмайди. Бу Афғонистон учун ҳам, минтақа ва бутун дунё учун ҳам хавфли бўлади”, деб айтган Масъуд.

BBC британ телерадиокорпорациясининг таъкидлашича, қаршилик ҳаракати айни вақтда 9 мингга яқин жангчига эга.

Аввалроқ толиблар Россия элчихонаси орқали панжшерликларга “сиёсий сигнал” бергани, унда улар Панжшер етакчиларига ушбу ҳудудга киришга ҳали бирорта уринишни амалга оширмагани ҳамда вазиятни сиёсий келишув орқали тинч йўл билан ҳал қилишга умид қилишаётганини етказишни сўрашган.

Мавзуга оид