Жаҳон | 09:15
605
2 дақиқада ўқилади

Белгия «Толибон» вакилларига виза берди

Белгия ҳукумати «Толибон» ҳаракатининг беш нафар вакилига мамлакат ҳудудига кириш учун қисқа муддатли виза берди. Улар Европа Иттифоқида Афғонистонга депортациялар масаласига бағишланган йиғилишда иштирок этиш учун Брюсселга таклиф қилинган.

Фото: AP

Бу ҳақда Белгия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Одри Жаке маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мазкур визалар бир кунлик бўлиб, фақат Белгия ҳудудида амал қилади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан «Толибон» вакилларининг аниқ ташриф санаси ошкор этилмаган.

Reuters агентлиги Европа Иттифоқининг икки нафар амалдорига таяниб хабар беришича, делегация 23 июн куни Брюсселга келиши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, Европа Иттифоқи май ойидаёқ «Толибон» вакилларини техник даражадаги музокараларга таклиф қилган. Учрашувда Европа давлатларида қонуний яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган ва хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоланаётган афғон фуқароларини ватанларига қайтариш масаласи муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Eurostat маълумотларига кўра, 2013–2024 йиллар давомида Афғонистон фуқаролари Европа Иттифоқи давлатларида бир миллиондан ортиқ бошпана сўраб мурожаат қилган. Уларнинг қарийб ярмига қочқин мақоми берилган. 2025 йилда ҳам афғонлар Европа давлатларига энг кўп бошпана сўраб мурожаат қилган миллатлардан бири бўлиб қолмоқда.

2021 йил август ойида «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганига қарамай, бугунги кунда Европа Иттифоқининг қарийб 20 давлати афғон фуқароларини ватанларига депортация қилиш амалиётини давом эттирмоқда.

Бироқ ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари бу сиёсатни кескин танқид қилиб келмоқда. Уларнинг таъкидлашича, депортация қилинган шахслар Афғонистонда таъқиблар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ҳолатлари ва қийноқларга дуч келиши мумкин. Айниқса, аёллар, журналистлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва собиқ давлат хизматчилари юқори хавф остида қолмоқда.

Германиянинг ўзи 2024 йилдан буён юздан ортиқ Афғонистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид