12:54 / 23.08.2021
2103

Навоийда 1,8 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари танлов савдолари ўтказилмасдан бажарилган  

Фото: KUN.UZ

Навоийда буюртмачилар томонидан 5та ҳолатда умумий қиймати 1,8 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари танлов (тендер) савдолари ўтказилмасдан, шунингдек пудрат шартномалари тузилмасдан бажарилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, агентлик томонидан жорий йилнинг июль-август ойларида Навоий вилоятида бюджет буюртмачилари томонидан давлат харидлари махсус ахборот порталига қурилиш бўйича жойлаштирилган эълонлар танлов асосида жойига чиқиб ўрганилганда, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлган бир нечта ҳолатлар аниқланган.

Жумладан, Навоий вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК томонидан 2 та ҳолатда 626 797 153 сўмлик, Навоий ихтисослаштирилган маданият мактаби томонидан 491 778 600 сўмлик, Нурота тумани Халқ таълими бўлими томонидан 601 420 600 сўмлик ҳамда Қизилтепа туман ҳокимлиги томонидан 125 575 400 сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари буюртмачилар томонидан танлов савдолари ўтказилмасдан, қурилиш корхоналари билан пудрат шартномаси тузилмасдан бажарилган.

Шунингдек, қурилиш бўйича берилган эълонларга асосан қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилган объектлар жойига чиқиб ўрганилганда, қурилиш ишлари бошланиб бўлган ёхуд бир неча ой аввал якунлангани маълум бўлган.

Хусусан, Нурота тумани Халқ таълими бўлими томонидан тумандаги 12-сонли умумтаълим мактабини жорий таъмирлаш бўйича давлат харидлари порталига жорий йилнинг 28 май кунида бошланғич баҳоси 601 420 600 сўм бўлган эълон жойлаштирилган. Аммо эълон бўйича иштирокчилардан тижорат таклифлари келиб тушмагани сабаб танлов савдолари ўтказилмаган. 

Кузатилган ушбу ҳолатлар бўйича мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган.

Top